Лойиҳа Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан «Олима аёллар» танлови доирасида молиялаштирилган. Унинг асосий мақсади хорижда сақланаётган Темурийлар даврига оид ашёларни аниқлаш, илмий тавсифлаш ва уларнинг рақамли моделларини яратишдан иборат.
Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида Россия, Буюк Британия ва Туркия музейларига амалий сафарлар давомида 50 та тарихий ашёнинг юқори сифатли фотоматериаллари тўпланган. Улар асосида ашёларнинг 3D моделлари ишлаб чиқилади.
Шунингдек, мавжуд тарихий картиналар анимацияга айлантирилиб, улар асосида видеомаҳсулотлар тайёрланади. Ҳар бир ашё бўйича ўзбек тилида илмий тавсиф ва аннотация ҳам тақдим этилади.
Лойиҳа раҳбари Дилафруз Қурбонованинг таъкидлашича, мазкур иш натижасида тарқоқ ҳолда сақланаётган Темурийлар мероси ягона рақамли ва илмий ахборот маконига жамланади.
Яратилган 3D моделлар музейлар, таълим муассасалари ва тадқиқотчилар учун рақамли ресурс сифатида хизмат қилади. Шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейининг temurid.uz сайти янги илмий ва визуал контентлар билан бойитилади.
Рақамли материаллар тарихий ашёларни виртуал муҳитда намойиш этиш, уларни кенг аудиторияга таништириш ва маданий туризмга қизиқишни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида яратилган 3D моделлар ва анимацион маҳсулотларни интеллектуал мулк сифатида ҳимоя қилиш ҳам режалаштирилган. Келгусида ушбу рақамли маҳсулотлар Ўзбекистон ва хорижий музейлар ўртасида илмий-маданий ҳамкорликнинг янги лойиҳаларини амалга оширишда қўлланиши мумкин.