Кайковуснинг машҳур “Қобуснома” асарида нутқ ва муомала одобига алоҳида эътибор берилган. Асарнинг еттинчи бобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Эй фарзанд, токи қила олсанг (яъни қўлингдан келса), сўз эшитмакдин қочмағилким, киши сўз эшитмак била сухангўйлик ҳосил қилур... Ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир қисмидур. Ҳар кишига сўз айтар бўлсанг, қарағил, у сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, бошқа шундоқ сўз дегилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин”.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида тил одоби, яъни ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти, қисқа ва мазмунли сўзлаш, тилга ортиқча эрк бермаслик хусусида қуйидагилар баён қилинади: “Тил ақл ва билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита унинг очиқ ва мазмундор тилидир.... Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил мисоли арслондир, қара, у сени доим эшик олдида пойлаб ётади. Эй мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эрк берсанг, ўйламасдан сўзласанг, бу арслон бир кун эмас, бир кун бошингни ейди...”.
Абу Райҳон Берунийнинг фикрича, тил сўзловчи истагини эшитгувчига етказувчи таржимондир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ҳам айни ҳақиқат: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Манбаларда келтирилишича, Хожа Юсуф Ҳамадоний 17 ёшидан бошлаб илм олишга киришган. Шу ниятда у Бағдод, Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Бухоро ва Самарқанднинг улуғ шайхларидан таълим олиб, юксак камолга етишади. Унинг нутқи ғоят ёқимли ва таъсирчан бўлгани учун эллик мингдан ортиқ маъжусий ислом динини қабул қилади.
“Зикр фикрдан афзалроқ, — дейди аллома, — чунки зикр фикр эшигини очувчи калитдир. Калит йўқолса ёки бировга бериб қўйилса, калитсиз бу эшик асло очилмайди”.
Она тилимиз, ундаги ноёб сўз ва иборалар, ҳикматлар, мақол ва маталлар асрлар давомида шаклланган, тўпланган ва сайқал топган бўлиб, бу ноёб хазина, биз, биздан кейинги авлодлар учун қимматбаҳо меросдир. Бу хазинадан баҳраманд бўлган ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мутафаккирлар дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшди, айни чоғда ўзларининг буюк асарлари, илм-маърифатлари билан бу хазина мақомини юксалтирди. Шу боис, тилга эътибор, уни миллий бойлик сифатида севиб-ардоқлаш, бойитиш, келажак наслларга бор таровати, хазина янглиғ пурмаъно салмоғи билан етказиш аждодлар руҳи олдидаги маънавий бурчимиздир. Бу бурчни тушунмай, бепарволигимиз оқибатида тил хазинамизга етказилаётган озорларни англамасак, оғзаки ва ёзма нутқ бир-бирига қоришиб кетса, тузатиш қийин бўлган жиддий хатога йўл қўйган бўламиз. Фақат боланинг эмас, катталарнинг ҳам “қотиб” қолган тилини ўнглашнинг иложи йўқ. Тил шундай бир боғки, ундаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир ғунчанинг ўз ўрни бор, борди-ю улардан бири эътиборсиз қолса, боғнинг кўркига путур етади, таровати сусаяди.
Ҳикматли сўзлар, мақол ва маталлар, ривоят ва ҳикоятлар орқали биз узоқ ўтмишга хаёлан назар ташлаймиз, халқимиз босиб ўтган машаққатли йўлдан хабардор бўламиз. Шу маънода, тилни бугунги кунни олис ўтмиш билан боғловчи маънавий кўприкка қиёслаш мумкин. Бу кўприк бизни янада эзгу амалларга даъват этади. Тилини асраган эл бой бўлади, уни йўқотган эл ўзлигини йўқотади. Шундай экан, тилимиз бойлигини ўзлигимизни йўқотмаслик учун ҳам асрашимиз лозим.
Дунёвий тараққиётнинг бугунги илмий-техник даражаси ҳар қандай мукаммал тилни ҳам янги сўз, ибора ва тушунчалар билан муттасил бойитиб боришни тақозо этади. Тилшунос олимлар тилни фақат ўтмишга эмас, бугунга ва келажакка қараб ҳам бойитиш зарурлигини уқтирадилар. Бу вазифа мукаммал режа асосида бажарилиши керак. Негаки, тилимиз, тарихимиз, маданият ва санъатимизга қизиқиш дунё миқёсида кучайиб бормоқда. Элликдан ортиқ хорижий олий ўқув юрти, илмий-маданий муассасада ўзбек тили, адабиёти ва санъатини ўрганувчи гуруҳлар пайдо бўлаётгани, биз билан ҳамкорлик қилишга истак билдираётганлар сафи ортаётгани ғоят қувонарлидир. Атоқли адиб Чингиз Айтматов асарлари боис, дунё мамлакатларида қирғиз тилини, Ўлжас Сулаймонов ижоди боис, қозоқ тили ва тарихини ўрганишга қизиқиш юзага келган. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари, Миркарим Осим, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров романлари, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф шеърияти ҳам шундай шарафли вазифани бажарди десак, муболаға бўлмайди.
Ютуқларимиз бор, албатта. Аммо узоқда туриб, тилимизни ўрганувчи ёш тадқиқотчилар ўзбек тилининг имло ва грамматика қоидаларига қатъий риоя қилаётган бир пайтда биз ўз еримизда, ўз уйимизда бу қоидаларни аёвсиз бузаётганимиз ғоят ачинарлидир. Бундай қусур кўчаларимизда имло қоидаларига риоя қилинмай ёзилган эълон, савдо-тижорат рекламалари, телевидениеда “қўлбола” дори-дармонга доир тинимсиз берилаётган маза-матрасиз матнларда яққол кўзга ташланади. Аллома Ғаззолийнинг “Тил офатлари” китобида бундай ўгит бор: “Инсонга энг итоатсиз аъзо тилдир. Чунки бу суяксиз аъзонинг осонгина ҳаракатга келиши, ҳеч бир машаққатсиз югуриклиги кутилмаган нохуш оқибатларга сабаб бўлади”.
Биз бугун тилимиздаги нуқсонлар ҳақида гапиряпмиз. Марказий Осиё деб аталадиган йирик бир минтақа кўп жиҳатдан ўзаро бирлашаётган, ўз тақдирларини шу буюк бирликда кўраётган эканлар, қўшнилар, умуман, туркий дунё халқлари тилларига ҳам эътибор беришимиз зарур. Бунинг учун, аввало, она тили ва унинг амалдаги қўлланиши билан боғлиқ муаммоларни тўла маънода ҳал қилишимиз зарур. Бу муаммолар юқорида келтирилган хато ва ғализликлардангина иборат эмас. Нутқимизда “Кетдик обедланишга”, “Балниса”, “Капелниса”, “Срочно”, “Точно”, “Как раз”, “Тем более”, “Что вы?”, “Чут-чут”, “Ну и ну”, “За то”, “Ну да?”, “Ничего себе”, “Во-обше”, деган олақуроқ гаплар кўпайиб бормоқда. Ошхонадан уйимизга овқат олмоқчи бўлсак, ўзбек гиргиттон “Собойгами?” деса, “Ҳа”, деб турибмиз. Телевидениеда миллий таомимиз — ўзбекнинг шоҳ асари бўлмиш паловхонтўрани пепси кола билан истеъмол қилишни кунда юз бор реклама қилишмоқда. Биз — ишдан кўра ошга жамулжам борадиган (Алихонтўра Соғуний фикри) ошхўрлар бунга эътибор бермаймиз. Бу кетишда эртага қазили норинни сосиска, шўрвани пиво билан тановул қилишга чорлашлари ҳеч гап эмас. Расмий хабардан: “Мамлакат аҳолисининг 35 миллиони учун ўзбек тили она тили ҳисобланади”. Умумий овқатланиш шохобчаларининг 75 фоизида таомномалар ўзбек тилида эмас. “Меню”да кўрсатилган таомларни тушуниб олиш унча-мунча хўранданинг қўлидан келмайди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тилимиз софлиги учун кураш ишига биринчилардан бўлиб киришган, таниқли шоира Мукаррама Муродова бошчилигида ижодий гуруҳ ташкил этилган эди. Ўшанда эътиборга молик анча-мунча ишлар қилингани ёдимизда. Аммо кейинчалик ҳаммаси яна эски қоришиқ ўзанларга қайтди. “Тромбо АСС” дорисини қабул қилишга доир бугунги йўриқномани ўқиймиз: “Метамизол ва бир вақтда қўлланилишида метамизол ацетилсалицил кислотасини тромбоцитлар агрегациясига таъсирини камайтириши мумкин. Шунинг учун ушбу мажмуани антиагрегат восита сифатида ацетилсалицил кислотасини паст дозаларини пациентларни даволаш учун эҳтиёткорлик билан қўллаш керак”.
Бир нима тушундингизми? Шу ўзбек тилими? Дориларга илова қилинаётган ўзбекча йўриқномаларнинг аксарияти шундай.
Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов она тилимиз равнақини мақсад қилиб, кўплаб тадқиқот мақолалар ёзди. Устознинг “Она тилим” мақоласида қуйидаги жумлалар бор: “Бир марта яшайдиган инсон ўз қисматига ўзи эга бўлиб, ўзгага муте бўлмасдан, озод-эмин яшасин экан. Ўз тилингда сўзлаб, ўз Аллоҳингга сиғиниб, ўз ота-онангни ўз удуминг билан кўмолмасанг, бу дунёга келмаганинг ҳам маъқул экан. Биз шундай кунларни бошдан кечирдикки, ҳозирги ёшлар тинглаб, ёқа ушласалар ажаб эмас”.
“Устоз Қаҳҳорнинг “хотин тили” деган ўткир ибораси мени кўп хаёлга толдирди, —
деб ёзган эди Эркин ака. — Шу ибора билан боғлиқ ҳодисалар, ривоятлар, шеърий сатрлар ёдимга келди. Хаёлим дунёни кезиб чиқди. Хотин тили. Улуғ адиб бу лутф билан она тили деган сўзнинг азиз ва мўътабарлигини ҳам, аёлга эҳтиромнинг юксак мақомини ҳам гўзал ифода қилган. Гап фақат тожик тили устида эмас, кўнгил устида, эркак ва аёлнинг бир-бирини англаши устида бормоқда. Бу осон иш эмас. Хотин тилини англаш турмушнинг энг оғир ва мураккаб муаммоси, тирикликнинг мангу ечилмас жумбоғидир. Холиқи олам аёлнинг жинси ва жисмигина эмас, тафаккур тарзини ҳам бошқача яратган экан”.
Тил ҳақида гап бораркан, матбуотимизнинг бугунги тилига тўхталмасликнинг иложи йўқ. Кўтарилаётган мавзулар яхши, аммо тил ғализ. Мана, айрим намуналар:
Режа қандай бажарилади — шараф билан.
Тадбирда сўз қандай берилади — мамнуният билан.
Меҳмонга қандай борилади — қадам ранжида қилиб.
Наҳор ошга қандай борамиз — ташрифи қудум қилиб.
Тўрт мучал эмас — тўрт муча.
От айланиб қозини эмас — қозиғини топади.
Талабалар студияга ташриф буюрмайди — телекўрсатувда иштирок этади.
“Топишмоқли болалар китоби” эмас — болалар учун топишмоқли китоб.
Қўшиқ радиотўлқинда жаранг сочмайди — таралади.
“Хос-хашак” эмас — хас-хашак.
“Ол, қўлим” эмас — “ол, қулим”.
“Шеър жонли ижро этилмайди — ўқилади.
“Қурт-барака” эмас, “қут-барака”.
Ҳассос шоира Турсуной Содиқова маърузасининг ҳар сўзидан олов, оҳангидан муҳаббат чақнарди. Ижодий учрашувларда сўзнинг ўзини ҳам сўзлатворарди, булбулдай сайратарди. Нотиқлик маҳорати, ишонтириш санъати, таъсир этиш салоҳияти баланд эди. Овозида бошқа нотиқларда кам учрайдиган ноёб сеҳр бор эди. Шоира ўзи ёзганидай, “Сўз излаш, сўз ўйлаш, сўзга ранг-тус бериш, уни чиройли ижрода тақдим этишга уриниш, кўзларни, қулоқларни ўзига мафтун қилиш учун турли аудиториялар, давраларда жон терига тушиб жанг қилар, баҳслашар, “сўзда ўлиб, сўзда тириларди”. Опани тинглаганлар у билан яна бир бор мулоқотда бўлиш, сўз чашмасидан қониб-қониб ичишни, сўз оламига саёҳатни ният қиларди.
Адиб ва публицист Аҳмад Аъзам неча юзлаб сўз ва иборалар, мақол ва маталларнинг тўғри қўлланилиши, маъно-мазмуни ҳақида туркум мақолалар ёзди, амалий таклифлар киритди. Ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, “Энг ёмони, тилга, адабий чаласаводликка эътиборсизлик кўникмага айланиб бўлди, тил, тўғри талаффуз ҳақида гапириш эндиликда ҳатто эриш туюлади. Тили ғализ, ёзиш маҳорати суст муаллифларнинг том-том китоблари чиқяпти! Биров бир нима деяётгани йўқ. Шу қадар ясама, шу қадар сунъий жумлаларки, китоб дейишга тил бормайди. Бадиий асарда, умуман, ҳар қандай ёзувда, ҳатто оддий ёзишмада ҳам асосий мезон — тил, бу мезон йўқолса, кўп нарсани йўқотган бўламиз”, деган эди у куйиниб.
Аҳмад Аъзам “Виждон номуси” сарлавҳали ўзи кўрмай кетган китобига кирган мақолаларида қуйидагиларни ёзган: “Ҳозирги адабий тилимиз не-не асрлар давомида неча минг-минг ижодкорларнинг тинимсиз меҳнати ҳосиласи. Бу тўғрида гапирганда, “Девону луғотит турк”ни яратиб бергани учун Маҳмуд Кошғарийни тил пиридек хотирлаймиз. “Қутадғу билиг” яратилганми, бинобарин, унга замин —
тил, демакки, уни китоб ҳолига келтириб, муҳрлаб асраш зарурати бўлган. Агар тилни қўриқлаш, унинг обрўсини жойига қўйиш, янги мартабаларга кўтариш эҳтиёжи бўлмаганда Навоий бобомиз туркий тил шаън-шавкати борасида “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ёзмаган бўлур эдилар. Керак эканки, она тилини қўриқлаш, босқинлардан ҳимоялаш ва ўстириш учун шу фидойиликлар қилинган”.
Бугун биз она тилимизни талаб даражасида ҳимоя қилмоқдамизми?
Матбуотда “Тилга эътибор — элга эътибор”, “Тил — дил калити”, “Тил — хазина” каби рукнлар остида деярли ҳар ҳафтада куйинчак мақолалар эълон қилинади. Аммо унинг самараси кўнгилдагидай эмас.
Матбуотда “Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган Xon Saroy Afsonasi лойиҳасидан бир хонали хонадонларга бошланғич тўловни амалга оширинг ва қолган қисмини ойига 4 миллион сўмдан тўлаб боринг”, деган хабар чиқди. Бу лойиҳа асосида қурилаётган уйларнинг сифатидан хабардор эмасман, аммо шу кичик эълончадаги ғализликдан ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Биринчидан, янги хонадонларни одамларга лойиҳа эмас, уй-жой қурилиши билан шуғулланаётган ташкилот беради. Эълон сўнгида хонадон харид қилган кишининг бахтли ҳаёти учун (?) бир неча қулайликлар мавжудлиги санаб ўтилади. Улар орасида шундай “ноёб” қулайлик бор: “Хавфсиз болалар майдончаси”. Ана холос. “Хавфсиз болалар” дегани нимаси? “Болалар учун хавфсиз майдонча” деб ёзиш қийинми?
“Маккажўхори” деймиз, “макка” ва “жўхори” бошқа-бошқа экин. “Саримсоқпиёз” ҳам шу — “саримсоқ” бошқа, “пиёз бошқа” (З.Исомиддинов кузатуви). “8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами”, дейиш ҳам нотўғри. “Халқаро хотин-қизлар” деган тушунча йўқ. Аёлларни халқаро ва маҳаллий тоифаларга ажратиб бўлмайди. “Хотин-қизларнинг халқаро байрами” дейиш керак.
“Вазирлик томонидан берилган топшириққа биноан” — чучмал жумла. “Вазирликнинг қайси томонидан?” деб сўрагинг келади. “Вазирлик топшириғига биноан” дейилса, маъно аниқ англашилади. “Томонидан” сўзи аксарият ҳолларда нотўғри ишлатилади: “Театр жамоаси томонидан саҳнага қўйилган асар”, “Туман ҳокими томонидан билдирилган таклифлар”, “Тадбиркорлар томонидан асфальтланган йўл” ва ҳоказо. “Фалон театрда саҳналаштирилган асар”, “Тадбиркорлар ёрдамида асфальтланган йўл”, “Туман ҳокимининг таклифи” дейилса бўлади-ку.
“Ўқимишли китоб” эмас, ўқишли китоб.
“Давлат идораларининг шаффофлиги” эмас, гап бу идоралар фаолиятининг шаффофлиги ҳақида бормоқда.
“Ғўзага ишлов бериш бошланди” — ғўзага ишлов берилмайди, ғўза қатор оралари юмшатилади.
“Тўп ҳужумчидан қочиб кетмайди” — ҳужумчи тўпни ўзидан узоқлаштириб юборади.
“Меҳмонлар уй ичига кирмайди” — уйга киради.
Уйга киришгач, дастурхонга эмас, дастурхон атрофига ўтиришади.
Тил — тирик организм, у ҳам худди инсон вужудидек, парваришга, диққат-эътиборга муҳтож. Тўғри парваришланган ниҳол эрта мевага киргани каби тилга эътибор ҳам янги авлод тарбиясида, албатта, ўзининг салмоқли самарасини беради.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист