Бугунги кунда мазкур муассасада Россия Жиноят кодексининг турли моддалари билан ҳукм қилинган 70 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини ўтамоқда.
Суҳбат давомида ватандошларнинг мурожаатлари, илтимос ва таклифлари тингланди. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқбузарлик хусусиятига оид маълумотлар батафсил қайд этилиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Хусусан, мамлакатимиз фуқароларига хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жиноий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилди. Шунингдек, муассасада уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари камситилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан Бош консулхонага хабар бериш зарурлиги таъкидланди.
Инсонпарварлик тамойиллари асосида ўтган ташриф давомида бир қатор амалий масалалар жойида ҳал этилди. Жумладан, астма касаллигидан азият чекаётган бир нафар юртдошимизга зудлик билан зарур тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Амал қилиш муддати тугаган ҳужжатларини янгилаш истагини билдирган икки нафар фуқародан янги паспорт расмийлаштириш бўйича аризалар қабул қилинди.
Бундан ташқари, шу йилнинг май ойида мазкур колониядан озодликка чиққандан сўнг яқинлари билан алоқаси узилиб, бедарак кетган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳозирги турган жойи аниқланиб, унинг оила аъзоларига маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг Сибир федерал округи ҳудудида бўлиб турган, шу жумладан, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги тизимли ишларни изчил давом эттирмоқда.