Сўнгги йилларда мамлакатимизда 11 та халқаро аэропорт замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Арнасой, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўхдаги аэропортлар тикланиб, аэропортлар сони 18 тага етди. Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган аэропортлари хусусий шериклик асосида инвесторларга ишончли бошқарувга берилди.

Жорий йилда авиация орқали йўловчи ташиш ҳажми 17 миллион нафарни ташкил этади, яқин йилларда мазкур кўрсаткични 25 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.

Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея компаниялари билан ҳамкорликда 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.

Ушбу аэропортга туташ 800 гектар майдонда 5 миллиард долларлик “Aerocity” лойиҳаси амалга оширилади. Унда логистика ва электрон тижорат марказлари, нуфузли брендлар, замонавий меҳмонхоналар ва турар жойларни қамраб олган яхлит экотизим яратилади.

Мутасаддиларга келгуси йилнинг 1 июлигача ҳудуднинг мастер-режасини якунлаб, маҳаллий ва хорижлик инвесторларга тақдим этиш топширилди.