Тошкент шаҳрида маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотлар ижроси муҳокама қилиниб, соҳа олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни сифатли бажариш ҳамда пойтахтда маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, 2026 йил 21 апрелдаги 150-сон қарор ҳамда 2 июнда қабул қилинган 103-сон Фармон асосида соҳада янги тизим ва ёндашувлар жорий этилмоқда. Бироқ Тошкент шаҳрида ушбу ислоҳотларга муносабат ва уларнинг ижроси ҳозирча етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Шу муносабат билан соҳадаги вазифалар ижросини яхшилаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар маданият бошқармасида янги тайинловлар амалга оширилди.

Бахромов Бекзод Бахром ўғли Тошкент шаҳар маданият бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Исроилов Шукурилло Ахмадкулович бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Янги раҳбарларга, аввало, соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, жамоани бир мақсад атрофида бирлаштириш ва аниқ натижалар билан ишлаш вазифаси қўйилди.

Тошкент шаҳри йил якунига қадар маданият ва санъат соҳасининг барча йўналишлари бўйича намунавий кўрсаткичларга эришиши кераклиги таъкидланди.