Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Шу куни маҳаллий вақт билан соат 04:20 да авиаташувчининг “Airbus A320” русумли самолёти Тошкентдан Карачига етиб келди. Анъанага кўра, ҳаво кемаси Карачи халқаро аэропортида сув аркаси орқали тантанали кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимида Синд вилояти раҳбарияти ва маҳаллий ҳукумат расмийлари, Карачи шаҳридаги дипломатик корпус вакиллари, Синд туризмни ривожлантириш корпорацияси, туроператорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Синд вилояти ҳукумати вакиллари янги авиақатновни Ўзбекистон ва Покистон халқларини янада яқинлаштириш, туристик алмашинувни кенгайтириш ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш йўлидаги муҳим амалий қадам сифатида баҳолади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон элчихонаси ва “Centrum Air” раҳбарияти иштирокида Карачи халқаро аэропортида матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ҳафтасига 8 тага етди.