Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг тантанали очилиш маросими Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Бекобод туманларида бўлиб ўтди.
Умумий узунлиги 110 километрни ташкил этувчи мазкур темир йўл тармоғи ҳудудлар иқтисодий ривожига туртки бериши, янги иш ўринлари яратиши ва транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириши кутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа аҳоли учун қулай ва замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Хусусан, Бекобод эркин иқтисодий зонасига темир йўл шохобчасини тортиш ишлари ҳам ҳудуд иқтисодиёти учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Лойиҳа доирасида 4 та темир йўл бекати, 21 та йўл ўтказгич, 6 та кўприк ва 1 та ним тортиш станцияси барпо этилиши режалаштирилган. Қурилиш ишларида темирйўл соҳасидаги замонавий технологиялар ва илғор муҳандислик ечимлари қўлланилмоқда.
Янги темир йўл тармоғининг яна бир муҳим жиҳати — у автомобиль ва темир йўл кесишмаларисиз лойиҳалаштирилгани, аҳоли яшаш ҳудудларини четлаб ўтиши ҳамда атроф-муҳитга таъсирни камайтиришга қаратилганидир.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳа мамлакат транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, транзит салоҳиятини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.