Маълум қилинишича, махсус комиссия томонидан амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги 108-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 162-сон қарори асосида олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, куз-қиш мавсумида айрим иссиқхоналар сунъий иситиш учун кўмир, мазут, автомобил шиналари ва бошқа зарарли ёқилғи турларидан фойдаланган. Бу эса атмосфера ҳавосига зарарли моддаларнинг меъёрдан ортиқ чиқишига сабаб бўлиб, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатган. Шу муносабат билан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

Аввалроқ ўтказилган рейдлар давомида зарарли ёқилғидан фойдаланган иссиқхоналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилган ва ҳавони ифлослантирувчи манбалар бартараф этилгани қайд этилди.

Ҳукумат қарорларига мувофиқ, иссиқхона хўжаликларини иқлим шароити қулайроқ бўлган ҳудудларга кўчириш, тадбиркорларни иситиш тизими билан боғлиқ ортиқча харажатлардан халос этиш ҳамда аҳолини куз-қиш мавсумида мева-сабзавот маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 162-сон қарорига асосан, фаолиятини тўхтатиб, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги «Surxon-Agro» эркин иқтисодий зонасига кўчадиган иссиқхона эгаларига қатор имтиёзлар берилади.

Жумладан, халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банклари ҳисобидан олинган кредитларни қайтариш муддати 5 йилгача узайтирилади ва 3 йилгача имтиёзли давр белгиланади. Илгари тақдим этилган давлат кафолатлари ҳамда фоиз харажатларини қоплаш бўйича компенсациялар сақлаб қолинади.

Шунингдек, 2028 йил 1 апрелга қадар «Surxon-Agro» ҳудудига кўчириладиган иссиқхоналарни демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар ҳар бир сотих ер майдони учун 500 минг сўмгача бўлган миқдорда бир марта қоплаб берилади.

Айни пайтда Тошкент вилоятидаги тадбиркорларга иссиқхоналарни «Surxon-Agro» эркин иқтисодий зонасига кўчириш тартиби, тақдим этиладиган имтиёзлар ва бошқа шартлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг иссиқхоналар сунъий иситиш тизимларидан узилиб, амалдаги шартномалар бекор қилинади.