Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, ҳодиса Гулханий кўчасида эрталаб соат 07:30 атрофида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, скутерда етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи шахс кўчада кетаётган 1948 йилда туғилган аёлнинг қулоғидаги сирғаларни кўриб, уларни талон-торож қилишга қарор қилган.

Гумонланувчи скутерини четроққа қолдириб, жабрланувчининг орқасидан яқинлашган ва унинг қулоғидаги икки дона сирғани юлиб олиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчининг тақинчоқлари тахминан 3 минг АҚШ долларига баҳоланган.

Аниқланишича, гумонланувчи ўғирланган сирғаларни бозорда 2,5 миллион сўмга сотиб юборган ва тушган маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, ушбу шахс муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик), 166-моддаси (талончилик) ва 227-моддаси билан судланган бўлиб, суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.