Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича амалий чора-тадбирларни давом эттирмоқда.

Жумладан, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор-қидирув тадбири ўтказди.

Тадбир давомида 47 ёшли фуқаронинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, ертўлада қонунга хилоф равишда сақланаётган 84 қутидаги жами 1176 дона “Regapen” дори воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида жами 352,5 грамм “pregabalin” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги тасдиқланди.

Амалдаги тартибга кўра, мазкур модданинг 10 граммдан юқори миқдори кўп миқдор ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.

Бухорода 204 дона “Gabaten”ни 1600 долларга сотишга уриниш фош этилди

Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан Ғиждувон туманида ўтказилган тезкор тадбирда таркибида кучли таъсир қилувчи “gabapentin” моддаси бўлган 204 дона “Gabaten” дори воситасини 1600 АҚШ долларига сотишга уринган шахс ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.