Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тезкор қидирув департаментига келиб тушган мурожаатда 2008 йилда туғилган қиз ижтимоий тармоқ орқали бир йигит билан танишгани маълум қилинган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, йигит турли баҳоналар билан қизнинг шахсий хусусиятга эга фото ва видеоматериалларини қўлга киритган. Кейинчалик у мазкур материалларни интернетда тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, 300 АҚШ доллари талаб қилган.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилинган маблағнинг 200 АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда процессуал чоралар кўрилган.
Ички ишлар вазирлиги «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари давом этаётганини маълум қилди. Идора ота-оналарни фарзандларининг интернетдаги мулоқоти, танишлари ва рақамли хавфсизлигига эътиборли бўлишга чақирди.
Шунингдек, фуқаролардан товламачилик ёки бошқа жиноий хатти-ҳаракатлар ҳақида маълумотга эга бўлган тақдирда, ички ишлар органларига мурожаат қилиш сўралди. Бундай мурожаат қилган шахснинг шахси сир сақланиши кафолатланади.