Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, вояга етмаган бола дўкон эшиги тирқишидан ичкарига кириб, кассада сақланаётган 6 миллион 185 минг сўмга яқин пул маблағини ўғирлаб кетган.
Ҳодиса тунги хизматни олиб бораётган Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ўз вақтида аниқланган. Гумонланувчи воқеа жойини тарк этаётган пайтда ушланиб, ички ишлар органларига топширилган.
Текширувлар давомида ўғирланган пул маблағлари тўлиқ эгаларига қайтарилган.
Шунингдек, ўрганишлар чоғида мазкур савдо шохобчаси Қўриқлаш хизмати тизимига уланмагани маълум бўлган. Шундан сўнг тадбиркор билан тегишли шартнома тузилган.
Бундан ташқари, ҳудуддаги бошқа савдо объектлари ҳам кўздан кечирилиб, уларнинг эгаларига мулк хавфсизлигини таъминлаш, қўриқлаш хизматига уланиш ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
Жиноятни тезкорлик билан фош этишда хизмат кўрсатган Қўриқлаш хизмати ходимлари раҳбарият томонидан рағбатлантирилган.