Фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси (Стратегия) тасдиқланди ҳамда унинг устувор йўналишлари белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлгача нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектларнинг юқори натижаларга эришган ўқитувчилари хорижий илғор таълим марказларига стажировкага юборилади.
Олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларга ўқитиш бўйича нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун фоизсиз қарз (ссуда) ажратилган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган субъектларга БҲМнинг 730 бараваригача миқдорда фоизсиз қарз (ссуда) ажратиб борилади.
2027 йил 1 январдан уй-жойга муҳтож ёш оилаларга бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун қуйидаги тартибда ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилади:
- Ипотека дастури доирасида ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
- қуйидаги асосий ижтимоий мезонларга мувофиқ келадиган ёш оилаларга ипотека кредити ажратилади:
ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи 30 ёшдан ошмаган бўлиши;
ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи номида сўнгги 3 йилда мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжуд эмаслиги.