Санъаткорни қутлаш ва “Буюк хизмат­лари учун” орденини топшириш мароси­мида Президентимиз Зокировлар сулола­си деганда узоқ йиллардан буён миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатини халқи­мизга тақдим этиб келаётган бутун суло­ла кўз олдимизга келиши, миллий эстрада санъати асосчиси Ботир Зокиров ижро эт­ган ўлмас қўшиқлар халқимизнинг улкан маънавий бойлиги эканини таъкидлади. Мана шундай оила, бутун бир авлоднинг ўз умрини санъат ва маданият равнақига бағишлаши дунёда кам учрайдиган ноёб ҳодиса эканига урғу берди.

Мазкур сулоланинг улуғ вакилларидан бири, шубҳасиз, Ботир Зокировдир. Ҳаёт бўлганида 26 апрель куни 90 ёшга тўлган бўлар эди.

Санъат оламида эстрада юлдузи бўлиб порлаган хонанда ўзбек қўшиқларини қа­тор мамлакатлар саҳнасида мардонавор куйлади. Дунёда ўзбек деган буюк халқ борлигини фидойилик билан тарғиб қил­ди ва танитди.

Ботир Зокировнинг умр дафтарини варақлар эканмиз, ҳаёт ва ижод йўллари­да учраган қувончли ҳодисалар, ибратли воқеаларга дуч келамиз. У ҳаётнинг оқ ва қора ранглардан иборат эканини жуда эрта англади. Ўзи танлаган йўналиш — миллий эстрада санъати йўли осон кечмаслигини билиб, айниқса, санъат ва маданият соҳа­сидаги ғовларни юксак истеъдоди ва иро­даси билан енгиб ўтди.

Сиз бутун вужуди, қалби билан қўшиқ куйлаётган Ботир Зокировнинг ёниқ, дард­ли ва доно кўзларини кўрганмисиз? Ҳа, унинг донишманд кўзлари порлаб, тингловчини ҳайратга солар эди. Дард билан қалқиб, ҳаётнинг изтиробларини эслатар­ди. Донолиги эса умрнинг мазмундорлиги ва нурли лаҳзаларидан хабар берарди.

Ботир Зокиров кўп китоб ўқиган, ки­тобни маънавий дўст ва устоз деб билган чин зиёли эди. Шу боис, у ўзи билан бир даврда ижод қилган машҳур ижод­корлар — Абдулла Орипов, Шукур Хол­мирзаев, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров каби шахслар билан сафдош, суҳбатдош ва дилдош бўлган. Уларнинг ижодини қадр­лар, эълон қилинган ҳар бир янги асарини ўқиб, фикр-мулоҳазаларини, баъзан эса эътирозларини ҳам билдирарди. Шунингдек, Ботир Зокиров машҳур рассом Рўзи Чориев ва таниқли актёр Турғун Азизов билан ҳам яқин дўст бўлган.

У катта ижодкорлар — Асқад Мух­торнинг теран фалсафа билан суғорилган шеърлари, Зулфиянинг вафо ва садоқатга йўғрилган асарларини, Миртемирнинг халқ донишмандлиги уфуриб турган ёрқин мисраларини қайта-қайта ўқиб, ада­биётдан руҳий қувват олар эди.

Ботир Зокиров Москвадаги Кремль шифохонасида ётган кезлари жаҳон ва рус мумтоз адабиёти намояндаларининг машҳур асарларини ўқигани ҳақида кун­даликларида ёзиб қолдирган:

“Шарқ тарихини ўқияпман. Жуда кўп нарсани билмаслигим аён бўлди. Ўз та­рихимни ғурур ва фахр билан ўқиб ўрга­на бошладим. Қанчадан қанча очилмаган тенгсиз хазиналар бор. Ўз миллий мада­ниятимизни ҳали жуда юксакларга кўта­ришимиз керак. Албатта, кўтариш керак! Қандай қилиб? Ҳамма гап шунда...”.

“Бир нарсани англадим. Шу пайтгача олган билимларим ҳеч нарсага арзимас экан. Ҳаммасини имкон қадар қайтадан бошлаш керак...”.

Ҳаётлик чоғидаги суҳбатимиз жа­раёнида Ботир Зокиров машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов билан Бишкекда уч­рашгани, унинг дала ҳовлисида меҳмон бўлганини фахр билан гапириб берган эди. Айниқса, ёзувчининг ўша йиллари эълон қилинган “Оқ кема” ва “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асарлари ҳақида теран фикрлар билдирганди: “Оқ кема” — фалсафий асар. Унда қирғиз халқи тарихидаги жароҳатлар ривоят ва афсоналар орқали очиб берилган. Она буғу фожиаси кишини титратиб юбора­ди. Чингиз Айтматов — жаҳон адабиёти­нинг устунларидан биридир”.

Ботир Зокировнинг диди баланд эди. Бу дид унинг ҳар бир қўшиғида намоён бўлади ва акс садо бериб туради. Ижод­корнинг диди истеъдоди билан чамбарчас боғлиқ. Яратилган асарда намоён бўла­диган юксак дид тингловчи ёки ўқувчини қаттиқ ҳаяжонга солади, юрагига чуқур кириб боради.

Теран диди ва юксак тафаккури ту­файли у ажойиб ҳикоялар ёзди. Ёзган­лари машҳур адиблар Асқад Мухтор ва Шуҳратнинг юксак баҳосига сазовор бўл­ди. Санъаткор ўзига хос, бетакрор рассом ҳам эди. Картиналарини таниқли рассом­лар юксак эътироф этган ҳамда Раҳим Аҳмедов, Рўзи Чориев, Неъмат Қўзибоев сингари рангтасвир усталари томонидан самимий кутиб олинган. Бундан ташқари, Ботир Зокиров “Сўғд элининг қоплони” либреттосини ҳам ёзган.

У Москвада биринчи бор операция қилинган вақтда радио орқали Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асари инсценировкасини машҳур артист Мария Бабанова ижросида эшитиб, қат­тиқ ҳаяжонланган. Шундан сўнг қиссани катта миллатлар сафига қўшиламиз? Қачон юксаламиз, қад ростлаймиз?.. Шоир дўстим Абдулла Орипов ниҳоятда топиб ёзганидек: “Қачон халқ бўласан, эй сен оломон?..”.

Баъзан ўйлаб қоламан: бугун қўшиқ­чилик санъатида учраётган саёзлик, ен­гил-елпилик, айниқса, эстрададаги қуруқ бақир-чақирларни кўриб, эшитиб, бизга Ботир Зокировдек чинакам синчи санъат­кор етишмаётгани яққол намоён бўлади. Айрим таниқли санъаткорлар билан эса суҳбатлашиш қийин. Уларнинг саводсиз­лиги, фикрининг ғариблиги — умуман ки­тоб ўқимаслик, фикрсизлик ва онгни ҳаёт дурдоналари билан бойитиб бормаслик оқибати деб ўйлайман. Ахир Ботир Зоки­ров, Шерали Жўраев, Фахриддин Умаров каби ижодкорлар билан суҳбатлашсан­гиз, роҳатланардингиз ва яна суҳбатлаш­гингиз келарди. Улар қўшиқларининг мазмун-моҳиятини теран тушуниб ижро этарди. Ўзлари ҳам жуда билимдон ва чин зиёли инсонлар эди.

Ботир Зокировнинг умр дафтарида бундай нурли саҳифалар жуда сероб. Бу улуғ санъаткорнинг ибратли ижоди, инсо­ний фазилатлари ва доно фикрлари бугун ҳам ўз аҳамияти ҳамда қадр-қимматини йўқотган эмас. У кундаликларидан бирида бундай ёзган эди: “Агар қайтадан туғилиш имкони берилганда мен барибир яна қў­шиқ йўлини танлаган бўлардим”.

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист