Айниқса, устозлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган асарлар нафақат бир инсон тақдирини, балки бутун бир даврнинг маънавий руҳини ҳам ўзида мужассам этади. Шу жиҳатдан қараганда, Ислом Исоқович Зокировнинг «Умрим китоби» асари алоҳида эътиборга лойиқ бўлган маънавий манбалардан бири ҳисобланади.
Мазкур китоб муаллифнинг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, устозлари, сафдошлари ва шогирдлари ҳақидаги самимий хотиралардан иборат бўлиб, унда инсон умрининг мазмуни, меҳнат ва фидойиликнинг қадри ҳақида чуқур ва таъсирли мулоҳазалар баён этилган. Асарни мутолаа қилар эканмиз, бир инсон тақдири орқали бутун бир даврнинг ижтимоий муҳити, таълим тизими ва маънавий қадриятлари кўз олдимизда гавдаланади.
Мен ушбу асар билан танишар эканман, аввало унинг мазмуни ва ғояси менда катта таассурот қолдирди. Бу китоб оддий хотиралар тўплами эмас, балки ҳаёт синовларидан ўтган, меҳнат ва фидойилик билан яшаган инсоннинг маънавий қиёфасини акс эттирувчи асар эканлиги яққол сезилади.
Инсоннинг босиб ўтган йўллари - унинг энг катта устози ҳисобланади. Муаллиф ўз ҳаёт йўли орқали айнан шу ҳақиқатни кўрсатади. Унинг ҳаётидаги ҳар бир босқич, ҳар бир синов ва ҳар бир ютуқ инсонни камолга етказувчи муҳим омил сифатида намоён бўлади.
Китобнинг дастлабки саҳифалариданоқ инсон умрининг қадри ва маъноси ҳақида чуқур фикрлар билдирилади. Айниқса, асар бошида келтирилган қуйидаги фикр китобнинг мазмунини очиб берувчи муҳим ғоялардан биридир: “Умр – бу бебаҳо, олий неъмат. Аллоҳнинг бандасига ато этган энг буюк туҳфасидир. Инсон бу дунёга ҳақиқий инсон бўлиш ва жамият ҳамда Ватанга эзгулик қилиш учун келган.”
Ушбу фикр инсонни ҳаётнинг мазмуни ҳақида чуқур ўйлашга ундайди. Муаллиф умрни шунчаки яшаб ўтиш учун эмас, балки маъно билан, эзгулик билан ва фойда келтириш билан ўтказиш лозимлигини таъкидлайди.
Асарда муаллифнинг болалик ва ёшлик йиллари, талабалик даври, меҳнат фаолияти ва таълим тизимидаги кўп йиллик тажрибаси ҳақида батафсил ва ҳаётий мисоллар асосида сўз юритилади. Бу хотиралар орқали ўқувчи нафақат бир инсон тақдири билан танишади, балки ўтган даврдаги таълим тизими, устоз ва шогирд муносабатлари, жамоадаги муҳит ва маънавий қадриятлар ҳақида ҳам теран тасаввур ҳосил қилади.
Асарнинг “Йўллар ва йиллар” қисмида муаллиф ҳаёт йўлини чуқур таҳлил қилади. Унинг фикрича, инсон ҳаётида босиб ўтилган ҳар бир йўл, ҳар бир синов ва тажриба унинг камолотига хизмат қилади. Муаллиф ўз ҳаёти мисолида шуни кўрсатадики, инсонни шакллантирадиган энг муҳим омиллар - бу вақт, меҳнат ва сабрдир. Йиллар давомида орттирилган тажриба инсонни тобора мустаҳкамлайди, уни ҳаётнинг турли синовларига тайёрлайди. Бу жиҳатдан қараганда, муаллифнинг ҳаёт йўли ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби сифатида намоён бўлади.
“Бурч ва садоқат” қисмида эса муаллиф масъулият ва виждон тушунчаларига алоҳида урғу беради. Айниқса, устозлик каби муқаддас касбда садоқат ва виждонлилик энг асосий мезон экани таъкидланади.
“Мўъжаз Ватан” қисмида муаллиф Ватан ҳақидаги қарашларини баён этар экан, Ватан фақат туғилган жой эмас, балки инсон қалбида яшайдиган муқаддас қадрият эканини таъкидлайди.
“Азизларим, қадрдонларим” қисми эса асарга алоҳида самимийлик бағишлайди. Муаллиф ҳаётида муҳим ўрин тутган инсонлар ҳақида сўз юритар экан, инсон камолотида атрофидаги яхши инсонларнинг ўрни беқиёс эканини кўрсатади.
“Ушалган орзу” қисмида эса муаллиф орзу, мақсад ва интилиш инсонни олдинга етакловчи куч эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, сабр ва меҳнат орқали инсон ўз орзуларига албатта етади.
Китобда таълим соҳасида меҳнат қилган инсонлар, уларнинг фидойилиги ва ёш авлод тарбиясига бўлган юксак масъулият масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. Муаллиф ўз ҳаёт йўли мисолида бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: “Инсоннинг ҳақиқий бойлиги мансаб ёки мол-дунё эмас, балки халқ орасида қолдирган яхши номи ва тарбиялаган шогирдларидир.”
Китобда таълим соҳасида меҳнат қилган инсонлар, уларнинг фидойилиги, жамоадаги муносабатлар ва ёш авлод тарбиясига бўлган юксак масъулият каби масалалар алоҳида ўрин эгаллайди. Муаллиф ўз ҳаёт йўли мисолида бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: “Инсоннинг ҳақиқий бойлиги мансаб ёки мол-дунё эмас, балки халқ орасида қолдирган яхши номи ва тарбиялаган шогирдларидир”.
Бу фикр китобнинг энг таъсирли ва энг муҳим хулосаларидан бири бўлиб, ҳар бир китобхонни чуқур мушоҳадага чорлайди.
Менинг ҳаётимда ҳам Ислом Исоқович Зокиров алоҳида ўрин тутади. У киши менинг устозларимдан бири ҳисобланади. Ҳар доим самимий фикрлари, ҳаётий маслаҳатлари ва дуолари билан йўл кўрсатиб келган инсонлардан. Шу билан бирга, у киши оиламизга ҳам жуда яқин бўлиб, оиламизнинг энг қадрли ва ишончли дўстларидан бири ҳисобланади.
Бу ҳақда яна бир муҳим жиҳатга тўхталиш жоиз. Муаллиф ҳақидаги айрим хотиралар менинг отам - Эргашев Абдурасул Камалович томонидан ҳам баён этилган бўлиб, улар китобда алоҳида ўрин эгаллайди. У киши Ислом Исоқович Зокиров билан узоқ йиллар давомида бирга ишлаган ва уни яқиндан билган инсон сифатида шундай ёзади: “Мен олим ва зиёли, педагогика фанининг дарғаларидан бири Зокиров Ислом Исоқовични 2002 йилдан биламан. Чунки биз у киши билан бирга ишлаганмиз...”
Ушбу хотираларда таъкидланишича, Ислом Исоқович фақат раҳбар сифатида эмас, балки жамоада ҳурмат қозонган, инсонлар билан самимий мулоқот қила оладиган ва барчани бирлаштира оладиган шахс сифатида намоён бўлган.
Айниқса, ҳамкасблар билан мулоқот қилиш, уларнинг фикрини тинглаш ва ҳурмат кўрсатиш каби фазилатлари унинг инсон сифатидаги юксак маданиятини яққол намоён этади. Бу ҳолат унинг нафақат раҳбар, балки ҳақиқий инсон сифатидаги фазилатларини очиб беради.
Китоб тақдимотида иштирок этар эканман, асарда баён этилган фикрлар ва воқеалар билан яна бир бор танишиб, устозим ҳақидаги тасаввурларим янада мустаҳкамланди. Мен ҳам сўзга чиқишни ният қилган эдим, аммо ўзимнинг ҳали ёш эканлигимни ҳисобга олиб, бу сафар тингловчи сифатида иштирок этишни маъқул кўрдим.
Тадбир давомида сўзга чиққан инсонлар катта ҳаётий тажрибага эга, устоз билан узоқ йиллар бирга ишлаган ва китобда баён этилган воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган инсонлар эканлигини кўриб, яна бир бор амин бўлдим. Уларнинг самимий фикрлари ва хотиралари орқали Ислом Исоқовичнинг ҳаёт йўли, инсон сифатидаги фазилатлари ва таълим соҳасига қўшган улкан ҳиссаси янада ёрқин намоён бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, «Умрим китоби» - бу бир инсон ҳаёти ҳақидаги хотиралар тўпламигина эмас. Бу асар ҳаёт, меҳнат ва устозлик қадри ҳақида чуқур ўйлашга ундайдиган маънавий манбадир.
Шу боис мазкур асар ҳаёт сабоқларини ўзида мужассам этган, ёш авлодни эзгулик, билим ва фидойиликка чорлайдиган ибратли китоб сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Икрoм Эргашев,
юридик фанлари дoктoри, профессор