У ҳам бўлса, ўзбек давлати — Туронда юз берадиган ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий юксалиш эртами-кечми, аввало, ён-атрофни, сўнг бутун дунёни қамраб олиши қоидасидир. Унга оид далиллар давлатимизнинг 3000 йиллик бисотида етарлича топилади. Бироқ улар орасида энг ёрқини ва кўламлиси, албатта, эл-юртимизга Амир Темур бош-қош бўлган паллага тўғри келади.

Дунёни мўғулларнинг 150 йиллик исканжасидан озод этган Соҳибқирон 20 йил деганда Туронни бир­лаштириш, 35 йилда Самарқандни жаҳоннинг сиё­сий, иқтисодий ва илмий-маданий марказига айлан­тиришга эришди. Ўртаер денгизидан Хитой девори, Москвадан Деҳлигача ястанган улкан кенгликни қамраб олган улуғ салтанатда кейинги юз йилда кеч­ган ва темурийлар олтин асри — Иккинчи Уйғониш даври ўлароқ тан олинадиган миллий ва умумжаҳон юксалиши пойдеворини ҳам Амир Темур қўйгани тарихий ҳақиқат.

Шоҳрух Буюк темурийлар салтанати бирлигини сақлаш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, жумладан, илмий-маданий юксалишни уддалаган улуғ шахс­дир. Амир Темурнинг набираси Абусаид эса бобо­си меросини тиклашга қаттиқ уринган ва шу йўлда қурбон бўлган жафокаш ҳукмдордир. Шундан кейин 550 йил ичида биз Соҳибқирон даврида эришилган марралар ва мақомимизни қўлдан бой бердик.

Таҳлилни айнан тарихий чекинишдан бошла­ганимиз бежиз эмас. Бундан мақсад ўтмишдаги буюклигимизда ҳам эмас. Муддаомиз битта: ўт­мишдаги хатоларимизни такрорламаслик, ҳозирги туриш-турмушимизда кечаётган тарихий ўзгариш­лар, янгиланишлар, қўлга киритилаётган марралар, ютуқлар ва қилинажак ишлар аҳамиятини англаш, етиб келганимиз — шундай кунларни қадрлаш, ўз кучимизга ишониш, биргаликда ўйлаш ва хулоса­ларга ундашдир.

Бугун АҚШ деганда, 42,5 миллион квадрат ки­лометр майдонга эга, аҳолиси 1 миллиарддан ортиқ қитъани эмас, балки шу йил ёзда 250 йиллигини ни­шонлайдиган мамлакат тушунилиши, мазкур ҳолат ушбу давлатнинг сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва ил­мий-технологик куч-қудрати билан боғлиқлиги ҳам бор гап. Бироқ биз — ўзбеклар учун “янги дунё” кўп ҳам янгилик эмас.

Европаликлар уни 15-юзйиллик сўнгида кашф этган бўлса, океан ортида қуруқлик борлигини биз 1030 йилдаёқ билганмиз. Ўзбекнинг энг улуғларидан саналмиш Абу Райҳон Берунийнинг “Ернинг одамлар яшайдиган қисмини бундай тасаввур қил: шу қисм Ернинг шимолий ярмида бўлиб, бу эса ярмининг яр­мини ташкил этади. Демак, Ернинг тўртдан бир қис­мида одамлар яшайди. Шу қисмни муҳит (океан) деб аталадиган денгиз Ғарб ва Шарқ томондан ўраб ту­ради... Бу денгиз Ернинг шу қисми билан ўзининг нариги томонида бўлиши мумкин бўлган қуруқ­лик ёки одамлар яшайдиган қитъа орасини Ғарб ва Шарқ томонларидан ажратиб туради”, деган хулоса­сининг ҳам илмий, ҳам амалий моҳиятини тушунган тушунади, тушунмаган эса йўқ!

Тушунганлар “Кимки бизнинг куч-қуд­ратимизга шубҳа қилгудек бўлса, биз қурган иморатларга боқсин” деган таъкид шунчаки иншоотлар салобати ва бежиримлиги билан эмас, балки миллатимизга хос бунёдкорлик ва билимдонлик омили билан боғлиқлигини доим англаб етган. Англаб етганлар эса, масалан, ўт­ган асрнинг 60-йилларида, мустамлакачилар қиличини қайраб турганига қарамай, “Колумб­да бор аламим маним, Ўзбекистон Ватаним маним”, дея ҳайқира олган. Мазкур ҳаққоний битиклар эгаси, улуғ шоиримиз Абдулла Ори­пов тирик бўлганида эди, олтмиш йиллик ар­монию Абу Райҳон Берунийнинг 1000 йиллик башорати ушалаётган, янги Ўзбекистон ҳақида бир-биридан гўзал ва асосли шеърлар битган бўларди!..

АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббу­си билан тузилган “Тинчлик кенгаши” бўйича фикр ва баҳолар бир хил бўлмаганидан яхши хабардормиз. Бунинг сабабларию баҳоналари­ни чамалашга ақлимиз ҳам етади. Бироқ мазкур кенгашнинг илк йиғилишига ҳар ким ҳам чор­ланмагани ва чорланганлардан ҳар ким ҳам ўз сўзини айтишга журъат қилолмагани аниқ.

Шу маънода, Президентимизнинг Вашинг­тонга ташрифи ҳам тарихий, ҳам замонавий жиҳатларга кўра тасодифан юз берган воқеа эмас, балки сўнгги тўққиз йилда дунё сиёсий, иқтисодий ва маданий борлиғининг энг кекса ўчоқларидан бирида кечаётган сифат ўзгариш­лари, уларнинг яқин-узоқлардаги кенгликлар ва халқаро тузилмаларга кучли таъсирини тан олиш ҳамда ушбу куч билан ўз вақтида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш натижасидир де­сак, тўғри бўлади. Қолаверса, Дональд Трамп­нинг ўзи ушбу таъкидимизни тасдиқлаб бер­ди: “Президент Мирзиёев менинг дўстим. У ўз юртини жадал ривожлантирмоқда, у ҳар қандай муаммони ҳал қиладиган инсон!”.

Бугун бутун олам сиёсий, ҳарбий, иқтисо­дий туриш-турмушининг диққат марказида турган шахснинг бундай эътирофи шунчаки эмаслиги аён, албатта. Чунки у сиёсий, иқти­содий зўравонлик, ижтимоий ночорлик гирдо­бидан қутула олмаган ўзбек жамиятига эркин­лик берган, юртдошларидаги ички қўрқувни йўқотган, халқини 150 йиллик пахта қуллиги­дан қутқарган, демократия, инсон ҳуқуқлари, бозор иқтисодиёти, ижтимоий давлатчиликка асосланган бутунлай янгича тизим пойдевори­ни ярата олган, асрлар ичра йиғилиб келаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий чигалларни ечишга эришган, ўз эл-юрти учун қайғураёт­ган миллий етакчи Шавкат Мирзиёев эканини жуда яхши билади!

Шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш бешиги бўлган, бироқ юз йил бурун мустамла­качилар парчалаб-майдалаб ташлаган тарихий Турон — эндиги Марказий Осиёни уруш-та­лаш ёқасидан қайтариб, бирлаштириш ва мин­тақавий тараққиёт изига солиб юборишни 1,5 йил, ушбу жараёнга Озарбайжоннинг ҳам қў­шилишини 9 йилда уддалаган шахс Ўзбекистон Президенти эканини ҳам жуда яхши билади!

Номи бор-у, зарби йўқ Туркий кенгашнинг Туркий давлатлар ташкилотига айланиши­да ҳал қилувчи куч бўлган, туркий дунёнинг бирлаштириш имконини яратган етакчи айнан Шавкат Мирзиёев эканини ҳам жуда яхши анг­лайди!

2025 йил февралида давлатимиз раҳба­рининг ислом оламининг шарқий чеккасида жойлашган Малайзияга ҳар томонлама унумли ташрифи 2017 йил майда Саудия Арабистони­га расмий сафаридан кейинги саккиз йиллик жараён — янги Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсидаги азалий ўрнини тиклашга ўзига хос бирламчи якун ясагани, Шавкат Мирзиёев ғоясига кўра Тошкентда қад кўтарган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда барпо этилган Имом Бухорий мажмуасининг тез ора­да жаҳон мусулмонларининг мўътабар зиёрат­гоҳларидан бирига айланишини қамраб олган кечмишнинг эртаси қандай тус олишига оид таҳлилларни у жуда яхши билади!

Совет қўшини бостириб киргандан ўтган қирқ йилда жиловини ҳеч кимга бермаган афғон давлати билан муомала тилини топа олган, трансафғон темир йўлини хомхаёл­дан воқеликка айлантирган, Россия, Хитой, Япония, Европа билан бир маромли ва ўзаро фойдали сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни ўр­натган, ўзбек давлати манфаатлари Жанубий Америкагача етиб боришини билдириб қўйган ҳам Ўзбекистон раҳбари эканини у жуда яхши билади!

Қисқаси, АҚШ Президенти Вашингтон­га Тинчлик кенгаши аъзоларидан бири эмас, балки ҳам ўз юрти, ҳам кенг кўламли халқаро муносабатларда салмоқли натижаларга эри­шиб бўлган атоқли арбоб — Шавкат Мирзиёев ташриф буюраётганини жуда яхши англаган!

Кенгашнинг илк йиғилиши Ўзбекистон етакчисининг мазкур устунлик ва фазилат­ларини яна бир марта тасдиқлаб берганини бутун дунё кўрди, сиёсатчилар эсида қолди, таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари эътибордан қочирмади. Нуфузли тадбирдаги расмий чиқишларни бирма-бир кўздан ке­чирар эканмиз, уларнинг кўпи мезбонга му­лозаматдан иборат умумий йўсинда бўлгани ҳолда Ўзбекистон Президенти ўз иш услу­бига содиқ қолиб, бутун диққатни муаммо ва ечимига қаратди. Жумладан: “Биринчидан, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон бериши керак. Иккинчидан, Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяни­ши лозим. Учинчидан, барча саъй-ҳара­катлар Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилиши керак. Тўртинчидан, “Биз Янги Ғазони — иқтисодиёти фаровон, аҳо­ли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдалани­шимиз зарур”, деди.

Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёрлиги борасидаги таъкиди эса давлатимиз раҳбарининг хоҳ ўз юртида бўлсин, хоҳ чет элда, муаммо бор ерга қуруқ қўл билан эмас, аниқ маблағ ва лойиҳалар билан боришдек иш услубини яна бир бор намоён этди.

Вашингтон Ўзбекистон раҳбарининг муам­молар ҳал этилувига қаратилган яна бир ёнда­шувига шахсан гувоҳ бўлганига урғу бермас­лик мумкин эмас. У ҳам бўлса, чигал ечимини жойидаёқ таъминлаш! АҚШдаги йирик банк, ишлаб чиқариш, сармоя тузилмалари етакчи­лари ҳукуматимиз аъзолари, ҳокимларимиз иштирокида ўтказилган видеоселектор йи­ғилишида бунга шахсан гувоҳ бўлди. Улар Президентимизнинг Ўзбекистон — АҚШ ҳам­корлиги ишончли, қоидалари аниқ-равшан, узоқ муддатли бўлиши мантиғига асосланиши борасидаги таъкидини жуда яхши тушунди деб ўйлаймиз.

Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Давла­тимиз раҳбарининг иш услуби шундай! Акс ҳолда, 12 соатдан ортиқ вақтда 10,5 минг ки­лометр йўл босиб, океанортидан қайтилган куниёқ Қорақалпоғистоннинг бугунги аҳво­ли таҳлили ва эртанги ривожи билан боғлиқ кенг қамровли масала билан шуғулланмаган бўларди. Шу маънода, 1997 йилдан 2016 йил­гача ўтказилган, мамлакат ижтимоий-иқтисо­дий ривожланишининг ярим ва бир йиллик якунларига бағишланган деярли барча йиғи­лиш гувоҳи сифатида бир нарса эсга тушади. Ҳар қандай миллий иқтисодиётнинг тирик­лиги саналган пул-кредит соҳасидаги вазият бўйича ҳар гал фикр билдирадиган Марказий банк раиси “Ҳаммаси яхши, фақат Шуманай туманида айрим кичик муаммолар бор”, деб қўярди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Бутун юрт у ёқда турсин, бирор ҳудуд, айтайлик, Қо­рақалпоғистондаги аянчли аҳвол, масалан, Мўйноқнинг қисмати ҳақида сўз очиш мум­кин эмасди...

Бугун барчасини очиқ айтса бўлади. Ай­тишгина эмас, узоқ вақтлардан буён ечимини кутиб ётган муаммоларни ҳал қилиш имкони бор! Бўлганда ҳам ўша ҳудуднинг ўзида бор. Масалан, мазкур йиғилишда Президентимиз Қорақалпоғистон 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак, 31 миллион куб метр керамзит, 27 миллион куб метр ғишт хомашёси, 6,9 миллион тонна шиша, 6,5 мил­лион тонна гипс, 4,3 миллион тонна вермикулит захираларига эгалигига алоҳида урғу берди. Бошқача айтганда, ҳар қандай ижтимоий-иқти­содий муаммо ечимини ўша ернинг ўзида топса бўлади, аниқроғи, бўлар экан. Гап уларни кў­риш ва юзага чиқара олишда.

Янги Ўзбекистон шу йўлдан кетмоқда. Бунинг исботини Қорақалпоғистон мисоли­да кўриш мумкин. Саккиз йил олдин ҳудуд иқтисодиёти аҳоли жон бошига ҳажм бўйи­ча энг охирги ўринда эди, бугун эса еттинчи ўринга кўтарилган! Илгари саноат маҳсу­лотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етган. Умумий экспорт 2016 йилдагига нисбатан 3,5 баробар ошиб, 2,1 миллиард долларни таш­кил этмоқда.

Мазкур кўрсаткичлар орасида диққатимиз­ни тортиб, таҳлилга ундагани Қорақалпоғис­тонга тўғридан тўғри хорижий сармоя ҳажми 2025 йили 2,5 миллиард долларга етганидир. 2016 йил якунларига кўра, бутун миллий иқти­содиётимизга жалб этилган чет эл сармояси ва қарзлар 3,7 миллиардга тенг бўлгани инобатга олинса, янги Ўзбекистоннинг ҳар бир бўлаги­да юз бераётган чиндан ҳам тарихий ва сифат ўзгаришларининг сири яққол ойдинлашади- қолади.

Қорақалпоғистон мисолидаги кичик таҳ­лил ушбу сирнинг нимадалигига ишора бер­ган эса-да, сўзимизни давом эттириб, давла­тимиз раҳбарининг орадан бир ҳафта ўтиб, Термизга ташрифига эътибор қаратсак.

1998-2004 йиллари Сурхондарё вилояти­дан Олий Мажлис депутати бўлган камина учун мазкур воҳа ва эл жуда яқин. Депутатлик кезларида сайловчилар билан учрашувларга борар эканмиз, юқори даражадаги иззат-ҳур­мат, сурхонликларнинг танти ва мардлигига қарамай, бир кеча ҳам ётиб қолмасликка ин­тилганимизни бугун тан оламиз. Сабабини энди рўй-рост айтиш мумкин: Тошкент ҳам жуда илғорлаб кетмагани ҳолда Термиз анча қолоқ эди. Ўзимиз сайланган Шеробод, Ангор туманларини айтмаса ҳам бўлади. Энг азиз меҳмонлар учун мўлжалланган макон — ви­лоят ҳокимлиги қўноғи ҳам кишини бир тунаб кетишга “кўндира олмасди”.

Депутатлик учрашувларини ўтказишга ар­зигулик ва одам йиғишга қулай жой мактаб бўлгани учун ўқитувчи, ўқувчиларнинг ҳақ­қоний аҳволини истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам кўрмасликнинг иложи йўқ эди. Ўшанда ҳам пахта мавсуми ўтгач, илиқ ё иссиқроқ кунларда бориларди. Чунки ўқитувчию ўқув­чилар пахтага ҳайдалган ойлар — август охи­ридан декабргача учрашишга сайловчи йўқ бўларди! Совуқ, қор-ёмғирли пайтларда бор­сангиз, мактаб, боғчаларнинг иситилмаслиги ва электр энергияси йўқлигию йўлларнинг абгор аҳволи, боғча опа, ўқитувчилар ойлиги­нинг камлигию пенсиянинг ярми ушлаб қоли­ниши, кўпчилик маҳаллалар бошқарувининг биносизлиги-ю, борларида ҳам коммунал ха­ражатларни қандай қоплаш лозимлиги синга­ри ўткир ва ҳаётий саволларга нима дейишни билмай қолардингиз...

Энг оғири, ота-оналари, нима қилиб бўл­са-да, чиройли ва озода кийинтириб қўйган бошланғич синф ўқувчиларининг дарсга ин­тилиши, билимга чанқоқлиги, мактабга қат­най бошлаганидан чексиз қувонишига шахсан гувоҳ бўлиш, бироқ шунга яраша шароитнинг йўқлигини ўз кўзингиз билан кўриб, бунинг турли оқибатларини ақлингиз билан англаб туриш эди...

Президентимизнинг Сурхондарёга бу гал­ги ташрифидаги тадбирларга таклиф этилга­ним туфайли Термизни яна бир бор кўриш, ҳамкасблар билан учрашиш имкони туғилди. Янги Ўзбекистон даврида Сурхонга илк бори­шимиз эса 2023 йил баҳорига тўғри келганди. Табиат ўз сепини ёйиб турган палла бўлгани сабаб Тошкентдан Термизгача машинада ке­тишга жазм қилган, ўшанда янги Ўзбекистон руҳи бутун юртимизни қамраб олганининг гу­воҳи бўлгандик. 2016 йил кузида ҳар биримиз, жамият ва давлат ҳаётида бошланган ҳал қи­лувчи ва тарихий ўзгаришларнинг айнан ушбу жиҳатига диққатни тортишимиз бежиз эмас.

Гап шундаки, мустамлака давридан бош­лаб янгиланишлар палласигача кечган ва ўзи­миз эслаш, англаш даражасида бўлган қирқ- эллик йил ичида бир қоида кўпчилигимиз учун табиий саналган. У ҳам бўлса, Тошкент­дан чиқиб, қай томон юзланмайлик, пойтахт, вилоят ва туман марказлари, қишлоқларимиз ўртасида кескин фарқ борлиги дарров се­зиларди. Тошкентдаги нисбатан мўътадил шарт-шароит (йўлларнинг ҳолати, иморатлар, жумладан, уйлар, хизмат кўрсатиш даражаси ва кўлами, ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ҳар ҳолда ишлаб туриши ва бошқалар) ундан узоқлашган сайин сусайиб, йўқолиб бораве­рарди.

Қисқаси, “Қайдасан, Термиз”, деб йўлга ту­шиб, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари бўйлаб юрар эканмиз, тилга олинган ва ҳеч қаерда ёзилмаган “ўзи­мизга хос ва ўзимизга мос” қоида — пойтахт, шаҳарлар, қишлоқлар ўртасидаги кескин иж­тимоий-иқтисодий тафовут йўққа чиққанига шахсан гувоҳ бўлдик.

Тўғри, ҳали қиладиган ишимиз жуда кўп, муаммолар ҳам етарлича. Бироқ Президенти­миз ташаббуси билан бошланган янгиланиш­лар руҳи жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир бурчагига етиб боргани ва ўша ерлардаги ҳаётни ўзгаришга мажбур қилаётганини ҳеч ким инкор эта олмайди! Тошкентнинг кун­далик туриш-турмуши — меъморчилиги, хизмат кўрсатиш тизими, таълим, тиббиёт муассасалари бинолари, энг муҳими, уй- ҳовлилар, маҳаллалар ички йўлларида юз бераётган барча сифат ўзгаришлари вилоят, туманларимиз, шаҳар ва қишлоқларимизга кириб бориб бўлган.

Депутатлик йилларимизда неча марта Сур­хонга келиб-кетган бўлсак, биров универси­тетга ҳам бир ўтайлик деган эмас, ўзимизнинг ҳам хаёлимизга келганмас. 2023 йилда ушбу даргоҳга илк бор қадам босиб, профессор- ўқитувчилар ва талабалар билан роса гурунг қилгандик. Ўшандаёқ университетнинг бутун инфратузилмаси, ўқув ва илмий имкониятини кўриб, анча-мунча катта ва кучли экани, маз­кур марраларга сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг эътибори ва қўллови туфайли эришилаётганини билдик.

Университетга бу гал ҳам бордик. Унинг илмий-тадқиқот марказида бажарилаёт­ган инновацион ишланмалар ва турли янги натижаларни кўриб, буларни ростдан ҳам ўзларингиз қиляпсизми, бу ерда шундай олимлар борми деган саволни бир неча мар­та беришга тўғри келди. Тасдиғини олгач, Президентимизнинг мактабгача ва мактаб таълиминигина эмас, олий таълим ва илм- фанни бутун Ўзбекистон бўйлаб ривожлан­тириш сиёсати қанчалик тўғри ва оқилона эканига тан бердик, энг асосийси, мақтаса арзигулик илк салмоқли натижаларга шах­сан гувоҳ бўлдик.

Шу маънода, чуқурроқ ўйлаб кўрсак, мустақил бўлиб ҳам империячиликка хос қараш — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий бошқарув, илм-фан, олий таълим, маданият тизгинини метрополия-марказда тутиб, мус­тамлакаларни тараққиётдан нари ушлаш сиёсатини энди ўз доирамизда давом этти­риб юраверган эканмиз.

Бундай хулосага марказ биносининг еттин­чи қаватида тарихчи, адабиётчи ва тилшунос олимлар, ўқитувчилар билан учрашув чоғида туғилган бир туйғу узил-кесил туртки берга­нини яшириб ўтирмаймиз. Минбарда туриб, ижтимоий фанлар, хусусан, тарих фанини тизим ўлароқ тубдан ўзгартириш зарурати, соҳадаги оғир муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида сўзлаб турарканмиз, кўзимиз бирдан деразадан кўриниб турган кўп қаватли уй-жой­лар силсиласи, янги қад кўтарган мавзеларга тушиб, очиғи, ғалати бўлиб кетдик. Тилда мавзуни давом эттираверсак-да, мия тўхтамай мантиқли ва адолатли саволлар билан ўққа тутарди: нега атиги тўққиз йил бурун бундай манзарани тасаввур этишнинг ўзи мумкин эмасди, цемент, темир, кўтаргичларни ўзи­мизда топиш шунчалар қийинмиди, бошқалар юртида қурувчилик қилиб юрган сурхонлик­лар бу ерда уйлар қуролмасмиди, “Тўпаланг”­дан тайёр ичимлик сувни тортиб келиб, 1,5 миллион қоракўз — бутун вилоят аҳлининг ярмидан кўпини бахтли қилишга нима халал берганди, бугун Термизнинг айланма йўллари ҳам кафтдек текисликда азим Тошкентдагидан қолишмаётганда, ўн йил бурун ҳатто Шарқ дарвозаси кўчаларини асфальтлашга мазут то­пилмаганининг сири нимада эди?!

Саволлар туғилиши Президентимизнинг Сурхондарё вилоятини ҳар томонлама ривож­лантириш масалаларига бағишланган йиғи­лишдаги маърузаларини тинглаш, ушбу тад­бирдаги халқчил муҳитни кузатиш чоғида ҳам давом этди.

Сўнгги тўққиз йилда воҳада боғчага қам­ров 28 фоиздан 68 фоизга ошгани, 23 та янги мактаб қурилиб, яна 448 таси таъмирланга­нию қўшимча 102 минг ўқувчи ўрни очилгани, 688 та кўп қаватли уйга 32 минг оила кўчиб ўтгани, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилаётгани, баъзи мак­таб ўқитувчиларининг 2000 долларга тенг даромад топаётганига оид маълумотлар ўта қувонарли ва ҳатто ҳайратланарли. Бундан ташқари, тилга олинган кўрсаткичлар замири­да юз минглаб сурхонликлар тақдири, лўнда айтганда, уларнинг ҳам бу дунёга келиб, XXI аср одамига ўхшаб яшаш, ўғил-қизларининг камоли ва бахтини кўриш умиди ва истаги ушалаётгани ҳақиқати борлиги кўзда тутилса, наҳотки, шу ишларни олдинроқ қилишнинг иложи йўқ эди деган савол ўз-ўзидан қуйилиб келиши табиий.

Бу сингари адолатли савол-сўроқлар ка­минадагина эмас, балки сўнгги тўққиз йилда ўз оиласи, маҳалласи, қишлоғи, шаҳрининг туриш-турмуши, чироғи, гази, суви, маҳалла гузари, фарзандлари қатнаётган боғча-мактаб, университетлар, ўзи ва яқинлари муолажа ола­диган поликлиника, шифохона, юрадиган йўли, банк, молия, хизмат кўрсатиш тармоқларининг сони ва сифати, чет элларга саёҳати, қўйинг­ки, ўта қисқа муддатда барча-барча соҳада юз берган ва юз бераётган туб, айрим жиҳатлардан айтганда эса кечагина ҳатто орзу қилиш мум­кин бўлмаган ўзгаришларни кўриб, билиб тур­ган юртдошларимизда ҳам туғилмоқда.

Олти-етти йил бурун янгиланиш жараё­нининг илк натижаларини кўрган одамла­римиз “Бизда ҳам қилса бўлар экан-ку”, дея ҳам қувониш, ҳам қониқиш туйғуларини билдирган бўлса, энди “Шу ишлар нега ил­гари қилинмаган?” деган саволни қўймоқда. Шахсан биз учун мана шуниси ўта муҳим. Негаки бу — қоракўзларимиз тафаккурида юз бераётган сифат ўзгаришларининг тасди­ғи. Демак, юртдошларимиз ўз тақдирининг ожиз томошабини эмас, балки ҳаққоний эга­лари бўлиш сари илдамламоқда. Энди уларга “бўлар экан-ку”, дейиш қизиқмас, улар “нега илгари бўлмагани”ни билишни истамоқда! Демак, ҳозир уларга ўтмишда бой берганла­римизнинг ҳам, кейинги тўққиз йилда қўлга киритилган барча марра ва ютуқларимизнинг ҳам сабаб ва омилларини тушунтирувчи таҳ­лиллар керак.

Мазкур иш бугун унчалик ҳам қийин эмаслигини биламиз. Чунки ихтиёримизда ҳар бир оила, маҳалла, қишлоқ ва туман ҳаё­ти, тармоқлар ривожи билан боғлиқ чексиз ва жонли далиллар бор. Миллий ахборот мако­нимиз ва статистика кўрсаткичларининг кў­лами ҳам жуда кенг. Бу борада, айниқса, Пре­зидентимизнинг ҳар бир чиқиши ва таҳлили ўта қўл келишини ҳам алоҳида таъкидлаган бўлардик. Айтайлик, Сурхондарё ҳаётидаги тарихий ўзгаришларнинг иқтисодий омили Термиздаги маърузада аниқ-тиниқ кўрсатил­ган: ўтган даврда ҳудудда 5 миллиард доллар­лик 8000 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 миллиард долларлик келишувларга эришилди.

Демак, вилоятдаги марралар, энг аввало, ҳудуд иқтисодиётида рўй берган туб сифат ўзгаришлари билан боғлиқ. Агар юқорида тилга олинган маълумот — 2016 йили мил­лий иқтисодиётимизга четдан бор-йўғи 3,7 миллиардлик сармоя ва қарз жалб этилганини эсласак, бугун биргина Қорақалпоғистон ёки Сурхондарёнинг иқтисодий қудрати бутун бир давлатимизнинг кечаги кўрсаткичидан қолиш­маётганини тасдиқлайди-қўяди.

Термиздаги йиғилиш камина учун яна бир жиҳати билан қимматли бўлди. У ҳам бўлса, тарих халқники бўлгани ҳолда, уни аслида шахслар яратишига оид қарашимизни тас­диқловчи ҳамда истиқлол йиллари рўй берган айрим воқеалар бўйича билимимизни бойи­тувчи қимматли далилларни қўлга киритишга эришдик.

Давлатимиз мустақиллиги тиклангач, ол­димизда турган энг катта ва оғир ишлардан бири Ўзбекистонни халқаро майдонда тан олдиришдан иборат бўлгани ҳали-ҳамон эси­мизда. Шу маънода, Эрон Президенти Али Акбар Ҳошимий-Рафсанжонийнинг 1993 йил октябрдаги давлат ташрифи алоҳида аҳамият касб этиши табиий эди. Ушбу юксак марта­бали меҳмон камина ўша кезларда ишлаб турган Шарқшунослик институтига ҳам кел­ган ва олимлар билан учрашган. Бундан, ай­ниқса, биз, эроншунослар жуда қувонганмиз. Шу тариқа ушбу юртга йўл очилиши, у ерда сақланаётган, тарихимизга оид қўлёзма асар­лардан баҳраманд бўлишга умид қилганмиз. Бироқ давлатимиз раҳбари Термиздаги йиғи­лишда айтиб берган бир тарихий тафсилот — ўша куни институтимиз биносидан бир неча ўн қадам нарида юз берган воқеа эндигина мустақил қадамини қўяётган мамлакатимиз шаънига ўчмас доғ туширишидан ташқари янги Ўзбекистонимиз асосчиси босиб ўтган йўлнинг қанчалар қалтис бўлганини кўрсатиб берди.

Демак, ўша куни эрталабки соат 10 да икки давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек ҳайкалига ҳурмат бажо келтириб, сўнг Шарқшунослик институтига ўтиши режалаштирилган. Бундан ўша кезлари Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлган, мазкур маъмурий ҳудуд учун бирин­чи жавобгар шахс — Шавкат Мирзиёев ҳам хабардорлигию ташриф билан боғлиқ барча тегишли тайёргарлик ишлари кўриб қўйил­гани табиий. Аммо соат ўнта кам еттида — давлат миқёсидаги тадбирга уч соатча қол­ганида, ҳайкалнинг боши том маънода кесиб кетилгани маълум бўлиши ҳеч қанақасига, кутилмаганлигидан ташқари, бугун ҳам ақлга сиғмайди.

Бундан тез хабар топган Шавкат Мирзиёев саросимага тушмаган, бундай пайтларда ҳар қандай инсонни эгаллаб олиши муқаррар чо­расизлик ҳис-туйғуларига ҳам берилмаган. Қолаверса, ўша кезлари айрим каттаконлар­нинг қандай бўлмасин, уни йўқотиш пайига тушганларию катта куч сарфлаганига қара­май, ўзига қарши бирор айб тополмагани ва тополмасликларини ҳам яхши билган. Ўша ҳал қилувчи дақиқаларда хаёлини нима банд қилганини Президентимизнинг ўзи мана бун­дай тушунтириб берди: “Уларнинг муддаоси битта бўлган — мени йўқотиш, бироқ мен-ку, майли, улар ҳатто миллатимиз ва давлатимиз обрўсига етказиладиган улкан зиён ҳақида ўй­лаб ҳам ўтирмаган”.

Энг муҳими, ўта қисқа муддатда ҳайкални ўзидек қилиб тиклаб, олий мақомдаги меҳ­моннинг ҳам Мирзо Улуғбек ҳайкали, ҳам Шарқшунослик институтига ташрифини юк­сак даражада ўтказишни таъминлагани ҳақида эшитганимизда ўша ўта хунук, бироқ охири хайрли тугаган воқеадан 33 йил ўтиб, Дональд Трампнинг “Президент Мирзиёев ҳар қандай муаммони ҳал қиладиган инсон”, деб айтгани­ни эсладик.

Чиндан ҳам Шавкат Мирзиёев 2016 йил ку­зидан эмас, аллақачондан буён миллати, дав­лати, халқига қайғуриб келган, бутун борлиғи ва умрини қоракўзларининг оғирини енгил, ҳаётини бахтли қилишга бағишлаган, янги Ўзбекистонни яратишдек ўта оғир ва қалтис, бироқ шарафли ишга ишонч билан киришган, жуда қисқа муддатда умуммиллий ва халқаро миқёсда оламшумул марраларни забт эта ол­ган буюк шахсдир.

Азамат ЗИЁ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

Тарих институти директори,

академик