Унда Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Наманган давлат педагогика институти, Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали ҳамда ягона нодавлат Олий таълим муассасаси – Урганч инновацион университетининг талаба-ёшлардан иборат фаол жамоалари иштирок этди.

Урганч инновацион университетининг «Хоразм гавҳари» жамоаси 1-шартда Хоразм воҳасининг бой маънавий меросини ўзида мужассам этган «Оқ олиш», «Қуллуқ», «Оржо очар», «Ходим чиқар» ва «Қанд ушатиш» каби қадимий урф-одатларни ўзгача руҳда саҳнага олиб чиқди.

10 дақиқа вақт ажратилган 2-шартда эса Хоразмнинг кўҳна ва бетакрор анъаналаридан бири бўлган – «Қовун сайли» ўзига хос бадиий композиция асосида тасвирланди. «Галинг-галинг, қовун сайлина галинг» қўшиғи садолари остида деҳқон меҳнати, қовун навларининг қадри ва халқона сайл муҳити маҳорат билан гавдалантирилди. Саҳнавий чиқишлар давомида «Қум пишики», «Чўгирма» куйларига рақслар, «Қовун-қовунла» қўшиғи ҳамда миллий санъатимизнинг бебаҳо дурдонаси бўлган «Лазги» ижроси томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Навбат 3-рақамдаги билимлар бахсига етиб келди. Бунда жамоа аъзолари ўзларининг юксак интеллектуал салоҳиятини кўрсата олди ва ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган 10 та саволдан 9 тасига аниқ, мукаммал жавоб қайтарди. Натижада, «Хоразм гавҳари» жамоаси миллий қадриятларни тарғиб этиш, тарихий меросни улуғлаш ва ёшлар салоҳиятини намоён этиш борасида алоҳида эътироф этилди.

– Бу танлов ўзбекона урф-одатларимизни чин маънода улуғлаб, тараннум этишда муҳим аҳамият касб этди, - дейди Урганч инновацион университети ўқитувчиси, ижодий жамоа мураббийси Ойшажон Отажонова. – Шу билан бир қаторда биз – устоз-мураббийлар талаба-ёшларимизни миллий ва умуминсоний, ижтимой-ахлоқий, маданий ва маънавий қадриятларимиз, анъана ва урф-одат, миллий санъатимиз билан яқиндан таништириш, жадидларимиз ҳаётини чуқур ўргатиш орқали уларнинг тарихий тафаккурини оширишга алоҳида эътибор қаратдик.

Урганч инновацион университети жамоаси мазкур кўрик-танловнинг финал босқичида юксак маҳорат, чуқур билим ва бетакрор саҳна маданиятини намойиш этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Мазкур ғалаба Урганч инновацион университети талаба-ёшларининг билим, истеъдод ва Ватанга садоқат руҳида тарбияланаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Хоразмнинг бой маданий мероси ва қадриятларини муносиб ҳимоя қилган «Хоразм гавҳари» жамоаси танловнинг энг ёрқин кашфиёти бўлди!

 

Гулноза УМИРОВА,

журналист.