1980 йил сентябрь тонги. Қўрқув
Ўшанда 10 яшар бола эдим. Аммо даврнинг баъзи оғирликларини, турмушнинг мавсумий ташвишларини, катталар қайғуларини кичик жуссам ва мурғак ақлим билан ҳис эта бошлаганимни ҳозир ҳам яхши эслайман.
Отам раҳматли Иккинчи жаҳон урушида ва ундан кейинги аллақандай тушунарсиз ҳарбий сафарбарликда 7 йил жанг қилган. Уруш йилларининг ўқли жароҳатидан ташқари, унинг вужудини яна бошқа аламлар, ўкинч ва мустабид бир дардлар ҳам қақшатиб турганини ич-ичимдан, болаларча бир сезги билан англардим...
Эрта тонгдан ҳовлидаги шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Мавҳум хавотир билан деразадан ҳовли томон мўраладим. Хазонрезги бошланган. Катта шохига ип арқондан арғамчи осилган ўрик дарахтидан ерга тўкилган барглар устида кузги шудринг томчилари товланади. Бўғиқ, жаҳлдор ва аламзада сўзлар аралашган овозлар дарвоза томондан эшитилади.
— Қизимнинг иситмаси чиқиб турибди, бир-икки кун уйда қолишга рухсат беринглар, — дейди отам кимгадир.
— Мусурмон ота, ўзингиз урушда бўлгансиз, ўша пайтларда манов аскар шамоллаб қолибди, иситмаси бор экан, қўйинглар, дам олсин деганини кўрганмисиз, йўқ. Яхши тушунасиз, пахта ҳам катта бир фронт. Шамоллаш-памоллаш деган гаплар кетмайди. Планни бажаришимиз керак ахир. Пахта бу сиёсат, унга қарши чиққанлар давлатга, сиёсатга душман, — дейди у.
Эгнимга онам тикиб берган пахтали чопонимни илиб, секин ташқарига чиқдим. Дарвоза томон юриб, қарасам, мактабимиз директори турибди. Билишимча, опам пахта теримига чиқмагани учун, уйга ўзи келиб, уни олиб кетмоқчи. Аҳди ҳам, шахди ҳам шу.
“Давлатга, сиёсатга душман”. Бу сўзни эшитган отамнинг ранги оқариб кетди. Мен эса қалтираб, девор пинжига тиқилдим. Даҳшатли сўз — душманлик...
Хуллас, ўша куни директор касал опамни далага олиб кетди. Мажбурлаб-мажбурлаб олиб кетди. Ота-онам уйда изиллаб-изиллаб қолаверди, давлатга, сиёсатга душман бўлишдан қўрқди. Асло ўзлари учун қўрқмади, опам, мен, ака-укаларимнинг эртанги кунидан қўрқди улар. Мен ҳам кўп йиллар қўрқувда яшадим. Ҳар сафар куз бошланаверса, ўша воқеа ёдимга тушиб, қўрқавердим-қўрқавердим. Шу биргина қўрқув исканжасида роппа-роса 48 йил умрим ўтибди. Бир эл янгиланадиган давр бу.
Мен ўзим пахта иши билан боғлиқ яна бир қатор “анъаналар”га гувоҳ бўлганман. Тўғри уларни кейинроқ ҳам айтсам бўларди, аммо ҳозир ўша даврларнинг аччиқ алами устида ўтириб, ҳаммасини айтиб-айтиб олгим келаётган бўлса, менда нима айб?!
Эрта куздан қаро қишгача одамларга тўй қилишга рухсат берилмасди. Ими-жимида, ҳовлининг бир четига қозон осиб, тўртта одамни йиғиб кўришсинчи, ғўддайган амалдорлар бурнининг бир четига ўчоқ иси етиб борса тамом, уйингизга келиб, қозон-позонингизни ағдариб ташларди. Шу билан қутилсангиз майлику-я, кейин устингиздан жиноий иш қўзғатилмаса бўлди эди.
Ҳар куни колхоз идорасида селектор бўларди. Масала битта — қайси колхоз ёки совхоз пахта режасини қанча фоизга бажарди? Кунлик режа бажарилдими?
Телевизорда вилоятлар кесимида кунлик ҳисобот бериб бориларди. Ортда қолаётган вилоятлар раҳбарлари тонггача сўкиш эшитиб, додини кимга айтишини билмай, аламини оддий одамлардан, ўқитувчилар, норасида болалардан оларди.
Ҳар сафар “Темир хотин” киносини кўрганимизда юрагимиз эзилиб кетади. 40-50 килолаб пахта ортмоқлаган аёллар, эгатларда чирқираб йиғлаган гўдаклар, пайкал четида туғилган чақалоқлар, тут дарахти шохига осилган беланчаклар, улар устидан сепилган кимёвий дорилар... Буларнинг атом хуружидан нима фарқи бор эди?!
Яқин-яқингача шундай яшадик-ку. Очиғини айтиш керак, ҳали-ҳалигача ўша кимёвий дорилар миллатимиз генофондига ўз таъсирини ўтказиб келади. Пахта даласида умри хазон бўлган қишлоқ аёлларининг ҳали-ҳамон дарди оғир. Улар бедаво дард орттириб олган, ўша эгатларда катта бўлган фарзандларимиз ҳамон соғлом эмас.
Хуллас, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, у кунлардаги пахтачилик эл-юртимизга манфаат эмас, балки азоб-уқубат ва охир-оқибатда “ўзбек иши” деган қуруқ туҳмат олиб келди.
Ҳасратларимни шу ерда тўхтатсамми десам, “ўзбек иши”дан бир тирик ҳикоя ёдимга тушиб қолди.
Пайариқда совхоз пахта топширувчиси бўлиб ишлаган Абдурасул Шодиевни 1985 йилда пахта қўшиб ёзишда айблаб, 10 йилга ноҳақ қамаб юборишади.
Абдурасул аканинг ўғли Музаффар Шодиев биз билан деярли тенгдош эди. У ўша суронли давр, отасиз ўтган йиллар қайғусини шундай эслайди:
“Бутун болалик хотираларим пахта билан боғлиқ. Бўйим ғўзага етар-етмай, аввалига тенгқурларим билан пахта даласига сув, нон, овқат ташидик, илғор “чеканка”чи бўлдик. Кетмон билан бўйлашганимиздан бошлаб чопиқ ва терим ҳам болалигимизнинг бир қисмига айланди.
Дўстларим баъзан ўша пайтлардаги қизиқ ҳолатлар, воқеаларни эслаб туради. Менда эса бу билан боғлиқ аламли хотира, унутилмас изтироб бор. Чунки пахтадан жуда эрта кўнглим қолган.
Ўшанда, адашмасам 5-синфда ўқирдим. Ҳамма ёқда “Давлатга пахта топшириш режасини муддатидан олдин бажарамиз!”, “План — қонун, уни бажариш — бурч!” каби ёзувлар бўларди. Энди ўйласам, ўша пайтларда бола қалбим билан ҳар бир инсон умрининг мазмунини яхши пахтакор, деҳқон ёки механизатор бўлишда деб билганман. Аслида, аксариятимиз шундай ўйлардик ва шунга интилардик.
1985 йил, декабрь. Бола-ўқувчимиз. Аслида, муаллиму ўқувчилар эндигина пахта даласидан синф партасига қайтган кезлар. Уйга борсам, мотамсаро муҳит. Бунинг сабабини юрак ютиб сўрайдиган журъат, ҳолатни идрок этадиган ақл қайда дейсиз? Ахир 12 ёш бола эдим.
Кейинроқ билдим: отамни пахта қўшиб ёзишда айблаб, қамоққа олишибди. Уч ака-опам, олти ука-синглим — ўн жўжабирдай жон онам билан хасрату алам, машаққатда қолдик. Айниқса, онам шўрликка қийин бўлган: қўлида бир ёшли чақалоқ, бу ёқда онанинг қўлига қараган ўнта жон. Буларга-ку чидаса бўлар, оддий пахта топширувчиси — отамнинг ўзи борини берган пахта учун ўн йилга қамалгани барчамизга алам қиларди.
Шукрки, мустақиллик шарофати билан отам оқланди, айбсизлиги тан олинди, биз учун адолат қарор топди. Лекин отам бунга тўлиқ қўшилмасди. Чунки пахта яккаҳокимлиги ва унга оммавий сафарбарликни жуда нотўғри иш деб ҳисобларди, ҳеч нарса инсондан азиз эмас, дерди.
Отам раҳматли истиқлолни кўрди, номи оқланиб, юзи ёруғ бўлди. Шукрона учун, таскин учун отам каби тақдир эгаларига бундан ортиқ бахт йўқ назаримда. Лекин юрагимнинг туб-тубида, хаёлимнинг бир четида катта армон бор: қанийди отам инсон азиз бўлган, қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг мақсаду муддаосига айланган бугунги замонни, Президенти халқининг фаровонлиги учун оромини унутган Янги Ўзбекистонни бир кўрса эди...”.
Афсуски, биз бундай тақдирларни “ўзбек иши”да кўплаб учратамиз. Аммо, энг аянчлиси, биз мустақилликдан кейин ҳам яна узоқ йиллар пахтага қарам бўлиб, мажбурий меҳнат қуршовида яшадик.
Сўз айтишга, халқнинг дардини баён қилишга устаси барибир устада. Ҳозир дардимизни узоқ дастурхон қилдик. Қарангки, унутилмас ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов бу гапларимизнинг ҳаммасини умрининг сўнгги кунларида битта шеърига сиғдириб кетган экан.
Ҳар кўчада минг миршаб,
Ҳар гўшада авахта,
Ҳақ деганнинг оғзи берк,
Қон ютар лахта-лахта.
Ўзи-ку пахта эккан,
Ёстиғи бўлди тахта,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
(05.10.2015 йил. АҚШ, Хьюстон)
2017 йил сентябрь тонги. Қувончнинг келиши
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилаётганини айтган эди.
Толеимиз кулган экан, ЎЗ ПРЕЗИДЕНТИМИЗнинг қатъий сиёсий иродаси билан бир кунда мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Битта айтилди ва ортга қайтилмади. Шу-шу ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам, бошқа соҳа ходимлари ҳам пахта ишига мажбурий олиб кетишдан қутулди.
Орадан кўп йил ўтмади. Биз пахта терими мавсуми машаққатлари, ғурбатларини унутиб юборган эканмиз. Шу йил сентябрь ойида бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан Самарқандга хизмат сафарига бордик. Янгийўл, Чинозлардан ўтар эканмиз йўл четидаги далаларда машиналар пахта тераётганини кўриб, беихтиёр ҳаммамиз бирваракайига “Э, пахта териш бошландими”, деб юбордик.
Қарангга. Халқимизни 100 йиллар давомида азобу уқубатда ушлаб келган пахта териш мавсуми бошланибдию, бирор жойда бу ҳақда гап йўқ. Телевидение жим, матбуот гапирмайди, мактаб ишлаяпти, ўқитувчилар дарсда, ўқувчилар синфда... Ҳеч ким ҳеч кимни безовта қилгани йўқ. “Ҳа, бўлар экан-ку” деймиз шериклар бир-биримизга мамнун қараб.
Унда пахтани ким теряпти, унда пахта кимга керак? Энди пахтанинг ўз эгаси бор. Пахта ўз эгаларига — манфаатдорлар ихтиёрига топширилди. Яъни қандай? Аввало, деҳқон ва фермерлар, кластерлар, умуман, далада ишлаётган ҳар бир инсоннинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги таъминланди. Фермерлар пахта етиштиради, уни бозор қийматида кластерга сотади, ўз навбатида, кластер эгалари хомашёни тайёр маҳсулот кўринишига олиб келиб, истаса ички бозорга, истаса чет элга пуллайди. Мана шу манфаатдорлик занжири бугунги ютуқларимиз асосидир. Бунда фақат пахта эгасининг фойдаси эмас, бутун эл, шу ватаннинг манфаати жамланган!
Бугун етиб келган манзилда эртага тўхтаб қолмаймиз
Яна такрор бўлса-да, айтаман, яқин йилларгача сентябрь ойи келиши билан пахта мавсуми бошланарди. Биз учун ҳаёт мазмуни ҳам, тириклик рамзи ҳам пахта эди. Ҳар куни мактаб директорлари фермердан ҳам аввал туман ҳокимлигига бориб турарди. Ҳозир бирорта туман ҳокими ёки ундан юқоридаги раҳбарлар “пахта нима бўлди экан” деб бош қотирмайди. Шулар ҳақида ўйлаяпману, Президентимизнинг куз ойларидаги иш фаолияти кўз олдимдан ўтяпти. Биргина октябрь ойининг ўзида Туркманистон, Озарбайжон ва Туркиядаги нуфузли тадбирларда иштирок этди. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига ташриф буюрди, Тошкентнинг ўзида қанча тадбирлар ўтказди. Кечадан буён Остона шаҳрида бўлиб турибди.
Умуман, Президентимиз фаолиятида, қишлоқ хўжалигига доир ўтказган йиғилишларида бирон марта пахта нима бўлди деган савол ўртага ташлангани йўқ. Миллий матбуотимиз ватанимизнинг халқаро даражадаги ютуқлари, мамлакатимиздаги иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ҳақида гапирмоқда. Бугун шунча тонна пахта терилди деган ҳисоботлар эса ёдимиздан ҳам чиқиб кетди. Шу ўринда кечаги кунимиздан ҳикоя қиладиган бир воқеа ёдга тушди.
Бир неча йил аввал муҳим фактни ахтариб, Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги тарихий газеталарнинг 1960-1980 йилларда чоп этилган сонларини бирма-бир варақладим. Ана шу йигирма йиллик солномадаги бир манзара диққатимни тортди. Унда сентябрь ойининг бошида мактабларда ўқиш бошлангани ҳақида хабар чиққан. Ундан кейинги кунларда эса биринчи саҳифада пахта даласидан фотолавҳа ва унга доир мақолалар ўрин олган. Эътиборлиси, газетанинг ҳар бир сонида пахта мавсуми, “оқ олтин”ни чаноғида қолдирмай, қишгача йиғиб-териб олишга даъват қилинган. Ачинарлиси, бундай чиқишлар 30 декабргача давом этган!
Бу мақолаларни ўқисангиз, халқимиз қанчалик машаққатли йўлни босиб ўтганини теран англайсиз. Ўшанда асосий мақсадим қолиб пахтага доир мавзуларга қизиқиб кетганим ҳамон эсимда. Газетада 1970 йилларда чоп этилган кичкина мактуб эса ҳамон юрагимни қўрғошиндай босиб туради. Унда олис бир вилоятдаги 7- ёки 8-синф ўқувчиси мактабдошлари ҳақида сўз юритади. У аввал ўзи марказга садоқатини изҳор этиб, жавлон уриб пахта тераётганини айтади. Фаол теримчиларни номма-ном санайди ва фалончи ёмон теримчи эканини айтади. Мактубда ёзилишича, ўша фалончи пахтани чаноғида қолдириб терар экан. Камига шийпонга олиб боргунча тўкиб, сочиб кетармиш. Ҳа, қўрқув асосида ушлаб турилган жамиятда мана шундай иллатлар ҳам бемалол матбуот орқали намоён этилаверган экан!
Айнан ўша йилларда пахта сабаб халқимиз иқтисодий-ижтимоий, экологик жиҳатлардан катта йўқотишлар берди. Масалан, Орол сувининг катта қисми пахта далаларига бошқарилди. Юқорида ҳам эслаганимиздек, ҳосилдорликни ошириш, уни вақтида йиғиб-териб олиш важи билан халқ тепасидан заҳарли дори сепилди. Сув, тупроқ орқали бутун табиат зарарланди. Юқумли касалликлар, ўпка, юрак-қон томир хасталиклари авж олди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонларнинг умри ана шу пахта даласида беҳуда соврилди. Ҳатто болалар чилласи чиқиши билан пахта даласи бошида қурилган шийпонлардаги боғчаларга бериларди. Улар юра бошлаши билан эгат оралаб кетарди...
Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилди. Бу жуда катта марра. У шунчаки, иқтисодий кўрсаткич эмас, тарихий эврилишдир!
Бир вақтлар табиий ресурсларимизнинг катта қисмини пахтага сарфлаб ҳам зарар кўрдик. Энди кўрсаткичлар бутунлай бошқа. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, олис Қорақалпоғистонда ҳам, водий ва воҳаларимизда ҳам хирмон чўғи баланд бўлди.
Бу ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Келинг, шу ўринда сал илмийроқ тил билан бўлса-да, бугунги ютуғимизнинг асосларини бир қадар шарҳлашга уринамиз.
Биринчидан, пахтачиликда иқтисодий манфаатдорлик янги босқичга кўтарилди. Айнан шу жиҳат соҳадаги ислоҳотларнинг локомотиви дейиш мумкин. Негаки моддий манфаатдорлик яхши бўлган жойда самарадорлик яхшиланади. Ишлар ўз-ўзидан юриб кетаверади. Бунинг учун махсус штаб ташкил этиш, халқни, айниқса, болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш шарт эмас!
Мана факт: жорий йилда фермерларнинг пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутиляпти. Фермер шунча фойда кўргандан сўнг ҳеч иккиланмай дори сепишга дрон, пахта теришга машина сотиб олади-да. Бундай натижага эришиш учун эса тинимсиз меҳнат билан бирга сиёсий ирода ҳам керак бўлди. Шу боис, соҳада туб иқтисодий ислоҳотлар ўтказилди. Хусусан, пахтани экишдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига олган хусусий кластерлар тизими яратилди.
“Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластери мисолида ана шу ислоҳотлар натижасини кўриш мумкин. Мазкур кластерни том маънода янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг кичик намунаси деб ўйлайман. Чунки кластерда пахта экишдан токи уни тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён қамраб олинган. Кластердаги ишлар тўлиқ илмий асосда, замонавий ечимлар орқали ташкил этилган. Дейлик, бу ерда ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан кўпи тозаланиб, қайтадан ишлаб чиқаришга юборилади. Фабрика биносининг томи ва деворларига эса қуёш панели ўрнатилган. Улар экологик тоза қувват олишни таъминлайди. Фабрикага эса энг сўнгги технология асосида ишлайдиган дастгоҳлар турли ривожланган давлатлардан олиб келинган. Натижада йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариб, бўяш имконини берадиган линиялар ишлаяпти. Фабрикада 840 киши ишли бўлган.
Бу биргина мисол. Мамлакатимизда бунга ўхшаш пахтани қайта ишлашни йўлга қўйган тадбиркорлар талайгина. Ана шундай иқтисодий модель туфайли мамлакатимизда пахтани қайта ишлаш қуввати кескин ошиб боряпти. Ўзбекистон пахта хомашёсини экспорт қилувчи давлатдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қиладиган мамлакатга айланди.
Шу ўринда яна бир ҳаётий воқеа ёдга тушди. Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШда бўлиб ўтди. Уни томоша қилишга борган юртдошларимиздан бири океан ортидаги номдор бренддаги либослар сотиладиган дўконга киради. Ўзига ёққан кийимни танлайди. Сифати ва бичими жуда маъқул келгани учун нархи қиммат бўлса ҳам уни сотиб олмоқчи бўлади. Тўлов қилиш учун келаётганида қараса, у Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган экан. Шу тариқа АҚШдаги дўкондан қуруқ қўл билан чиқиб, худди шундай либосни Тошкентдан харид қилади. Ўз юртим, Ўз пахтам, Ўз ишлаб чиқарувчим дегани бу! Бир сўм бўлса ҳам шу ватанда сарфлаб, шу элга наф келтириш дегани бу, ёронлар!
Яна бир муҳим жиҳат. Пахтачиликда молиялаштириш ва субсидиялаш тизими янгиланди. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги қарори билан бир қанча муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Масалан, пахта хомашёсини етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинди. Унинг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди. Яъни фермер ўз пахтасига ўзи эгалик қиладиган бўлди. Ўзи белгилаган нархда пахтасини сотади. Ана шу манфаатдорлиги боис, пахтани ўз вақтида йиғиб-териб олади. Содда қилиб айтганда, пахта терим вақти ва уни якунлашни ўзи белгилайди.
Шу ўринда яқин ўтмишимиздан навбатдаги бир лавҳани келтирсам. Бир сафар вилоятдаги таниш фермерлардан бири ёрдам сўради. Ҳоким унинг ерини тортиб олмоқчи экан. Сабабини сўраб йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмай қолдим. Фермер пахтасини тўлиқ териб олади. Белгиланган режани 110 фоизга бажаради. Сўнг далада қип-қизил бўлиб ғўзапоя қолади. Тағин кўздан пана жой деган илинжда ғўзапояни йиғиштириб, ўрнига ғалла экишга киришади. Шу пайт ҳокимият бу ишдан хабар топиб, фермерга таҳдид қилади. Бир кеча ички ишларнинг зах хонасини кўриб келгач, ишни “ёпиш” учун таниш излашга тушади. Бу нари борса 15-20 йил аввалги гап. Ҳозир бировга айтсангиз ишонмайди. Лекин ўша пайтда фермер қайси даласига қандай навдаги пахта экишигача қатъий белгилаб бериларди. Ачинарлиси, бундай топшириқлар илмий асосга эмас, қандайдир ёпиқ топшириқларга асосан бажариларди.
Иккинчидан, соҳага замонавий технологиялар жадал кириб келди. Шу орқали пахтачиликда юқори натижаларга эришдик. Аввало, пахтачиликда илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш бошланди. Янги биотехнологик навлар яратилди, олиб келинди. Экиш схемалари такомиллашди. Соҳа рақамлашди. Масалан, жорий йил бошида биргина Сурхондарё вилоятида “Шинжон” усулида пахта етиштирадиган 155 та фермер 14 минг 950 гектарда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатган. Бу соҳани рақамлаштириш борасидаги муҳим факт. Чунки томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилган далаларда тупроқнинг намлигини ўлчайдиган махсус смарт-датчиклар бор. Улар тупроқ қуригани ҳақида марказий компьютер ёки фермернинг телефонига хабар юборади. Сув автоматик тарзда очилади. Бу сув сарфини икки баробаргача камайтиради. Мана рақамлаштиришнинг самараси қаерда!
“Е-Agro” ва рақамли хариталар тизими ҳам бу борадаги самарали ишлардан бири. Унга кўра, ҳар бир пахта майдонининг рақамли паспорти яратилган. Унда ернинг таркиби, олдинги йилларда қанча ҳосил берилгани, минерал ўғитлар баланси рақамли базада сақланади. Бундан ташқари, пахта олди-сотдиси, шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилди. Инсон омили камайтирилиб, шаффоф электрон ҳисобварақ-фактура тизими йўлга қўйилди.
Ўргилиб кетай, ҳатто пахтачиликда дронлардан фойдаланиш кенгайди. Дрон ёрдамида минерал ўғит ва микроэлементлар сепиляпти. Унинг фойдаси шундаки, трактордай ғўза тупларини босиб, нобуд қилмайди. Кўсак қурти, шира ёки қандала тушган ҳудудлар дронлар ёрдамида тепадан аниқланади. Кимёвий воситалар фақат касалланган ўчоқларнинг ўзигагина сепилади. Бу заҳарли химикатлар ва харажатларни 30-40 фоизгача тежайди.
Учинчидан, кейинги йилларда чигит экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқартирилди. Шунга мутаносиб равишда ўртача ҳосилдорлик 2,7 карра ўсиб, гектарига 21 центнердан 56 центнерга етди. Жорий йилда қарийб 400 минг гектарда ўртача 70 центнер, салкам 70 минг гектарда эса 100-110 центнергача ҳосил олинди. Сув тежовчи технологиялар ҳисобига сув сарфи 1990 йилларга нисбатан икки карра камайди. Яна бир муҳим жиҳат. Пахта йиғим-теримида механизациялаштириш кўлами кенгайди. Жорий йилда ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30-35 кунда йиғиб олинди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етказилди. Пахтани машинада териш халқимизнинг орзуси эди. Буни атоқли ёзувчимиз Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарида ҳам кўришимиз мумкин.
“Мен қайтиб келаман. Етти иқлимдан бўлса-да, қайтиб келаман.
Ана шунда пахтамни чўткали-чўткали машина билан йиғиб-териб оламан.
Машина билан бир оралабоқ териб оламан. Бошқа қайтиб дала ораламайман”, дейилади армон ва оғриқларга тўла асарда.
Афсуски, 1986 йилдан токи 1991 йилгача бўлган вақтда битилган ушбу асар ҳам узоқ йиллар “кўздан панада” тутилди. Сабаби биз ҳамон пахтани қўлда тераётган эдик.
Ўша йилларда Сирдарё десак, кўз олдимизга беихтиёр пахта даласи келарди. Негаки талаба, ўқитувчи ва давлат хизматчиларининг аксарияти пахта мавсумини Сирдарё далаларида ўтказарди. Бугун халқ дардини юрагидан ўтказиб ёзган ижодкорларимиз орзуси ушалиб, Сирдарёда пахта 100 фоиз машинада териб олинди.
Мамлакат тараққиётидаги асосий белгилардан бири турли соҳалардаги эҳтиёжларини ўзи қоплай олишида ҳам кўринади. Шу маънода, янги Ўзбекистондаги ўсиш суръатини юртимизда саноатнинг ривожланиши билан белгиласак ҳам бўлади.
Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифини кузатиб туриб кўнглимдан шундай ўйлар ўтди. Айниқса, Қарши шаҳридаги “FM World” корхонасининг “Nasaf” бренди остида беш хил русумдаги трактор йиғаётгани ҳақидаги хабардан чексиз қувонч туйдим. Ўзингиз ўйланг, бир пайтлар замонавий пахта териш машиналари ишлаб чиқариш ниятида олис Чин юртидан Қашқадарёга сармоядор келишига биров ишонармиди?!
Президентимиз Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида “Ўз” деган эзгу ғоямиз замирида мужассам бўлган ўз ишимиз, ўз сўзимиз, ўз ғалабамизга ишонч руҳи билан олға қараб боришдан ҳеч қачон тўхтамаймиз!”, дея таъкидлади.
Ҳа, янги Ўзбекистон баланд марраларни кўзлаб катта йўлга чиққан карвон. У бугун етиб келган манзилда эртага тўхтаб қолмайди. Доим олға интилади. Пахтачиликда ҳам юқори ҳосилдорлик ва технологик янгиланишлар изчил давом эттирилади. Хусусан, 2027 йилда серҳосил уруғлик навлари, агродронлар, сув ва энергия тежовчи технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали пахтадан ўртача ҳосилдорликни 65-70 центнерга етказиш кўзда тутилмоқда.
Ёдимда, ўтган йили “Янги Ўзбекистон” газетамизда вилоятлардаги пахта ҳосили ва натижалар ҳақида мақолалар берилди. Улар орасида пахтадан гектарига 70 центнердан ҳосил олингани ҳақида ҳам хабар бор эди. Ишонгим келмади. Олдимизга қўйилган муҳим вазифа — доим холис ва ҳаққоний маълумот тарқатиш. Шу боис, ушбу рақамни жиддий текширдик. Бу айни ҳақиқат эди. Ўшанда кутубхонада тарихга қайтган, эски газеталар тахлами аро битилган тақдирлар яна бир карра кўз ўнгимга келганди. Шу ҳақида ўйласам, мени ҳамон бир савол қийнайди, мактабдоши ёмонлаган фалончининг тақдири нима бўлди экан? Ҳозир у (ёши ҳам етмишни қоралаб қолгандир) янги Ўзбекистон эришган тарихий марра ҳақида эшитиб, кўнглидан қандай ўйлар кечяпти? Газетага мактуб ёзган ўша фаол теримчи ўқувчининг қалбида нима гаплар ўтмоқда?
Кимдир бу кечаги кун, шундай экан, бундай оғир саволлар не учун дейиши ҳам мумкин. Ўтмишни унутишга ҳаққимиз йўқ. Чунки тарих инсониятнинг энг катта муаллимидир!
У хатолардан тўғри сабоқ олиб, бугунга шукрона билан яшашни ўргатади. Шу боис, пахтада эришилган ютуқни фақат иқтисодий кўрсаткич билан белгилаб бўлмайди. Айни қараш эса янги Ўзбекистон мўъжизаси деб аталаётган тарихий ютуқнинг моҳиятини англашга ундайди. Бундай англамлар ҳаммамизга кўп-кўп насиб этаверсин.
Салим ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист