Воқеа жорий йилнинг 14 ноябрь куни содир бўлган. Шу куни 2000 йилда туғилган Ж.Ж. Урганч тумани ИИБга мурожаат қилиб, ўзига тегишли «Дамас» автомашинаси номаълум шахс томонидан олиб қочилганини маълум қилган.

Аниқланишича, ҳайдовчи машинани Урганч туманидаги «Анжирчилар» маҳалласи ҳудудида жойлашган метан газ қуйиш шохобчасининг кутиш майдонида очиқ ва қаровсиз қолдирган. Бундан фойдаланган номаълум шахс транспорт воситасини олиб қочган.

Мурожаат асосида тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойига етиб бориб, атрофдаги биноларга ўрнатилган кузатув камералари ёзувларини ўрганган. Видеоёзувлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида автомашинани олиб қочган шахс 1998 йилда туғилган Н.Ж. экани аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, у автомашинани маст ҳолатда олиб қочиб, Янгибозор туманидаги «Сам мой 222» автомобилларни ювиш шохобчаси ёнида қулфланган ҳолда қолдирган ва воқеа жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида транспорт воситасини олиб қочиш жинояти учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Ички ишлар органлари фуқароларни автомашиналарини қаровсиз қолдирмасликка, эшикларининг қулфланганига ишонч ҳосил қилишга ва калитни ўт олдириш жойида қолдирмасликка чақирмоқда.