Энди асосий эътибор фақат фуқарони ишга жўнатишга эмас, балки унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитини таъминлаш ва хорижда муносиб ҳаёт кечириши учун зарур кўмак беришга қаратилмоқда.
Шунингдек, уларни уларни касб ва тилга ўқитиш, моддий ҳамда юридик қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Биз Миграция агентлиги директор ўринбосари Элёр Тошдемиров билан айнан мигрантлар учун яратилаётган имкониятлар, уларни хорижда ҳимоя қилиш механизмлари ва халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида суҳбатлашдик.
— Бугунги кунда мигрантларни хорижга кетишдан олдин тайёрлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Албатта, меҳнат миграцияси жараёнларида энг муҳим масалалардан бири фуқароларни кетишдан олдин тўғри тайёрлаш ҳисобланади. Чунки инсон хорижга боргач, уни қандай муҳит кутаётганини, қайси касбларга талаб юқори эканини, ўша давлат қонунчилиги, маданияти ва урф-одатларини яхши билиши керак. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда хорижий ҳамкорлар билан махсус “кетиш олди” ўқув курслари ташкил қилинган. Бу лойиҳалар Халқаро миграция ташкилоти, Европадаги Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази — ICMPD ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти — GIZ билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Фуқароларимиз ишга юборилишидан олдин ушбу курсларда қатнашади. Уларда меҳнат шартномаси, хориждаги қонунчилик, хавфсизлик қоидалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида тўлиқ маълумот берилади. Бу эса уларнинг хорижда муаммоларга дуч келиш эҳтимолини камайтиради.
— Хорижда муаммога дуч келган мигрантлар қандай ҳимоя қилинади?
— Бугунги кунда хорижда ишлаётган ватандошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, инсон қадри энг устувор масала сифатида қаралаётган ҳозирги даврда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистоннинг бир қатор давлатлар билан меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича икки томонлама келишувлари мавжуд. Шу билан бирга, Миграция агентлигининг Россия, Туркия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Келгусида Европа давлатларида ҳам шундай ваколатхоналарни ташкил этиш режалаштирилган.
Ушбу ваколатхоналарнинг асосий вазифаси — хорижда ишлаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишдан иборат. Айниқса, оғир ҳолатга тушиб қолган, бахтсиз ҳодисага учраган, юридик ёрдамга муҳтож ёки вақтинча бошпанасиз қолган фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш механизмлари йўлга қўйилган.
— Мигрантларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имкониятлар мавжуд?
— Миграция агентлиги ҳузурида махсус Миграция жамғармаси ташкил этилган бўлиб, у орқали фуқароларга турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бу ёрдам турлари икки йўналишга бўлинади: кетишдан олдинги ёрдамлар ва хорижда бўлиб турган вақтда бериладиган ёрдамлар.
Масалан, фуқаро хорижда оғир аҳволга тушиб қолса, бахтсиз ҳодисага учраса, тиббий ёки юридик ёрдамга муҳтож бўлса, вақтинча турар жойсиз қолса — ушбу ёрдамлар соддалаштирилган тартибда ва беғараз асосда тақдим этилади. Бу тизим бугунги кунда халқаро экспертлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Чунки бундай комплекс қўллаб-қувватлаш тизими кўплаб давлатларда мавжуд эмас.
— Бугунги кунда Япония билан ҳамкорлик қандай ривожланмоқда?
— Ҳозирги кунда Япония билан меҳнат миграцияси соҳасида кенг қамровли ва кўп босқичли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Кўплаб япон компаниялари ва иш берувчилар Ўзбекистонга келиб, бу ерда мақсадли кадр тайёрлаш дастурларини йўлга қўйган. Айниқса, юк машинаси ҳайдовчилари, автобус ҳайдовчилари ва техник мутахассисларни тайёрлашга катта қизиқиш билдирилмоқда.
Бугунги кунда Япониянинг “Provod Partners” ва “Onodera” компаниялари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳозирнинг ўзида 500 нафардан ортиқ номзод махсус ўқув дастурлари орқали Японияда ишлашга тайёрланяпти.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида юк автомобиллари ҳайдовчиларини тайёрлаш халқаро мактаби ташкил этилмоқда. У ерда махсус автодром ва ўқув полигони қурилмоқда.
Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ҳам ана шундай ўқув-амалиёт полигонлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу марказларда халқаро талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош кадрлар тайёрланади.
Бугун меҳнат миграцияси оддий иш излаш жараёнидан давлат даражасидаги муҳим ижтимоий сиёсатга айланди. Энди асосий мақсад — фуқарони хавфсиз, қонуний ва муносиб меҳнат муҳити билан таъминлаш, унинг ҳуқуқларини хорижда ҳам ҳимоя қилишдан иборат.
Айниқса, мигрантларга моддий, юридик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимининг шакллангани минглаб ватандошлар учун катта таянч бўлмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда инсон қадри ҳақиқатан ҳам энг олий қадриятга айланаётганининг амалий ифодасидир.
Зулхумор Акбарова суҳбатлашди