Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоанинг жаҳон чемпионатига тайёргарлиги ҳақида фикр билдириб, мухлисларга мурожаат қилди.
Унинг таъкидлашича, жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир футболчи ва мураббий учун улкан орзу ҳисобланади.
«Бу ажойиб туйғу. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир инсоннинг орзуси. Машғулотларни бошлашни, ўйин ўтказишни ва бу жараёндан завқ олишни сабрсизлик билан кутяпмиз. Одатда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш осон бўлмайди. Турли кичик муаммолар бўлади, аммо биз имкони борича энг яхши ҳолатда бўлишга ҳаракат қилдик», — деди Каннаваро.
Мураббийнинг сўзларига кўра, жамоа илк учрашувга пухта тайёргарлик кўрмоқда ва ўйинга тайёр бўлиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
«Ўзбекистонликларга шуни айтмоқчиманки, биз қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Майдонда бор кучимизни берамиз, охирги сониягача курашамиз. Чунки дунёнинг қаерида бўлишидан қатъи назар, барча ўзбекистонликлар биздан фахрланишини истаймиз», — деди мураббий.