Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2026-йил 25-мартдаги ПФ–47-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил боғ ва яшил жамоат парклари, ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантиришда жисмоний ва юридик шахслар иштирокини кенгайтириш ҳамда уларни рағбатлантириш механизмларини жорий этишга қаратилган.
Қарор лойиҳасига кўра, камида 1000 туп дарахт ва бута кўчатларидан иборат яшил боғ ва яшил жамоат паркини ташкил этган ҳамда Яшил хайрия жамғармасига камида 200 миллион сўм ҳадя қилган жисмоний ва юридик шахсларга "Экоҳамкор" мақомини бериш кўзда тутилган.
“Экоҳамкор” мақоми ҳар йили ўтказиладиган танлов якунларига кўра, ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган биттадан, жами 14 нафар жисмоний шахс ҳамда 10 нафар юридик шахсга берилади. Ғолибларга ҳар йили апрель ойи якунлари (натижалар умумлаштирилгач) бўйича май ойида кўриб чиқилади ҳамда июн ойининг 1–10-саналарида уларга махсус гувоҳнома ва эсдалик совғалари топширилади.
Шунингдек, “Экоҳамкор” мақомини олганлар “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилади. Танлов иштирокчилари орасидан энг юқори балл тўплаган 1 нафар жисмоний ёки юридик шахс “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонига тавсия этилади.
Муҳим! “Экоҳамкор” мақомини олганларга белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш жараёнида яшил ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Ҳурматли юртдошлар! Сиз ҳам regulation.gov.uz платформаси орқали муҳокамада фаол иштирок этиб, ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин.
“Экоҳамкор” мақомини олган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма берилади, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банкларида истеъмол кредити олишда чегирмалар қўлланилади.