«Халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганида томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаган, гулу райҳонлар эккан.
Биз халқимизга хос бундай эзгу қадриятлар замирида беш йилдан буён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келяпмиз», – деди давлатимиз раҳбари.
Ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда «Янги Ўзбекистон боғлари» барпо этилди. Республиканинг тоғ, чўл ва адирларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди.
Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди.
Шамол ва қум-чанг бўронлари зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли «яшил белбоғ» ҳосил қилинди.
Ўтган йилда Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатлари етиштириш имконини берадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилди.
Бундан ташқари, чўлланишни камайтириш учун Хитой тажрибаси асосида жорий йил илк бор Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманларида 50 гектар майдонда сувсизликка чидамли галофит боғлари яратилди.
Бу ерда етиштирилган галофит уруғлари келгусида минглаб гектар ерларда шўрланишни камайтириб, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Умуман, ўтган қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди.
«Ушбу хайрли ишларимизга кўпни кўрган нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, ташаббускор бизнес вакиллари, меҳнат жамоалари, юз минглаб юртдошларимиз муносиб ҳисса қўшаётгани барчамизни қувонтиради», – деди Президентимиз.