Навбатдаги босқичда Марказ мутахассислари Кичик ҳалқа автомобил йўлининг Боғибустон кўчаси билан кесишмасидан "Чилонзор" метро бекатигача бўлган 1,7 километрли қисмидаги бешта светофор объектининг иш режимини ҳисоблаб чиқди ва ўзаро мувофиқлаштирди.

Мазкур йўл қисмида илк бор "Яшил тўлқин"нинг ягона режими сутка давомида бир вақтнинг ўзида ҳар икки йўналишда ишламоқда. Бундай тартибни жорий этиш транспорт оқимининг икки йўналишда ҳам деярли бир хил эканлиги туфайли имконли бўлди.

Светофорлар синхронлаштирилгунга қадар ушбу йўл қисмини босиб ўтиш учун ўртача 5 дақиқа талаб этилган. Тизим жорий этилгач, йўлга сарфланадиган вақт 2 дақиқа 45 сониягача, яъни 45 фоизга қисқарди.

Белгиланган 40–60 км/соат тезлик меъёрига риоя қилинганда, ҳайдовчилар чорраҳаларда светофорнинг тақиқловчи сигналида тўхтамасдан, йўл бўйлаб бир маромда ҳаракатланиши мумкин.

Аввалроқ Марказ "Яшил тўлқин" тизимининг дастлабки босқичини Буюк Ипак Йўли кўчасининг "Тўра Бува" масжидидан Салом кўчасигача бўлган қисмида ишга туширган эди. Мазкур йўналишдаги 13 та чорраҳада светофорлар фаолияти ўзаро синхронлаштирилган.

Шу тариқа, бугунги кунда "Яшил тўлқин" тизими пойтахтнинг умумий узунлиги 5,7 километрни ташкил этувчи икки йўл қисмидаги 18 та тартибга солинадиган чорраҳани қамраб олмоқда. Ушбу йўналишларни босиб ўтишга сарфланадиган вақт ўртача 30 фоизга қисқарди.

Бу Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан пойтахтдаги транспорт ҳаракатини мақбуллаштиришга қаратилган комплекс ишларнинг навбатдаги босқичидир. Тошкентнинг бошқа кўчаларида ҳам "Яшил тўлқин" тизимини жорий этиш бўйича ҳисоб-китоб ва созлаш ишлари давом этмоқда.