Лойиҳа доирасида Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли молиялаштириш, Таълимни молиялаштириш халқаро жамғармаси (IFFEd) томонидан эса 5 миллион доллар грант ажратилади. Бу IFFEd ва Жаҳон банки ўртасидаги илк ҳамкорлик ҳисобланади.
Маълум қилинишича, аҳолининг тез ўсиши ва ички миграция сабабли Ўзбекистонда давлат мактаблари инфратузилмасига юклама ортиб бормоқда. 2026 йилда мамлакатда мактаб ўқувчилари сони 7,6 миллиондан ошиши кутилмоқда. Шу боис таълимга бўлган эҳтиёжни қондириш учун ҳар йили тахминан 300 та янги мактаб қуриш зарур.
Ҳозирда бошланғич таълим билан қамров 99 фоиздан юқори бўлса-да, ўқиш ва математика бўйича ўқувчиларнинг билим даражаси халқаро стандартлар нуқтаи назаридан ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. Шунингдек, ўқитиш методикаси ва педагогларнинг касбий ривожланиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасиннинг таъкидлашича, бошланғич синфларда ўқиш, математика ва ижтимоий-эмоционал кўникмаларни мустаҳкамлаш мамлакатнинг инсон капитали ва иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Умумий қиймати 378 миллион доллар бўлган BILIM дастури Ўзбекистон ҳукумати (273 миллион доллар), Халқаро тараққиёт ассоциацияси (100 миллион доллар) ва IFFEd (5 миллион доллар гранти) маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Дастур Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудларида амалга оширилади. Ушбу ҳудудларга мамлакатдаги мактабларнинг қарийб 45 фоизи тўғри келади.
2030 йилгача дастур доирасида:
- 50 минг нафар бошланғич синф ўқитувчилари, мактаб раҳбарлари ва таълим тизими мутахассисларининг малакаси оширилади;
- янги мактаблар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш орқали 27 мингта янги ўқув ўрни яратилади;
- таълим маълумотларини бошқариш ва ресурсларни тақсимлашнинг замонавий тизимлари жорий этилади.
Кутилишича, мазкур чора-тадбирлар бошланғич синфларда таҳсил олаётган тахминан 2 миллион нафар бола, жумладан, қизларнинг ярми учун таълим сифатини яхшилаш ва келажакда муносиб иш топиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.