Бу шунчаки молиявий операция ёки техник биржа жараёни эмас, балки иқтисодиётимизнинг дунё молиявий тизими билан интеграциялашувидаги янги босқич, давлат активларини бошқариш фалсафасининг ўзгариши ва мамлакатимиз инвестиция имижининг сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилишидир.
UzNIF акциялари бир вақтнинг ўзида Лондон фонд биржаси ва “Тошкент”
республика фонд биржасида жойлаштирилиши мамлакатимиз капитал бозори тарихида
мутлақо янги саҳифа очди. Шу тариқа UzNIF халқаро IPOни амалга оширган илк
ўзбек эмитенти сифатида иқтисодиётимиз тарихидан ўрин олди. IPO якунлари эса
халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига юқори ишончи ва қизиқишини
яққол намоён қилди.
Жумладан, 603,6 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилди.
Жамғарманинг бозор қиймати 1,95 миллиард долларга баҳоланди. Капиталнинг 31
фоизи очиқ бозорда жойлаштирилди. Инвесторлар талаби таклиф ҳажмидан тўрт
баробар юқори бўлди ва битимнинг қарийб 97 фоизи халқаро инвесторлар ҳиссасига
тўғри келди.
Мазкур рақамларнинг ҳар бири мамлакатимиз иқтисодиётида сўнгги
йиллардаги институционал ислоҳотлар халқаро молиявий доиралар томонидан эътироф
этилаётганининг амалий тасдиғидир.
Шу ўринда савол туғилади: IPO нима ва нега у иқтисодий тараққиёт учун
муҳим? IPO — Initial Public Offering, яъни компания акцияларининг илк бор очиқ
бозорга чиқарилиши. Оддий қилиб айтганда, компания ўзининг муайян қисмига
эгалик ҳуқуқини инвесторларга таклиф қилади ва эвазига капитал жалб этади.
Ривожланган иқтисодиётларда IPO иқтисодий ўсишнинг муҳим молиявий
механизмидир. Чунки компаниялар давлат бюджетидан ташқари манбалардан маблағ
жалб қилади ва корпоратив бошқарув шаффофлашади. Шу билан бирга, молиявий
ҳисоботлар халқаро стандартларга мослашиб, бозор интизоми шаклланади. Энг
муҳими, аҳоли ва инвесторларнинг молиявий фаоллиги ошади.
Биз учун эса IPOнинг аҳамияти янада катта. Сабаби, мамлакатимиз
иқтисодиёти узоқ йиллар давомида асосан давлат иштирокидаги иқтисодий моделга
таяниб келди. Бу модель муайян босқичда иқтисодий барқарорликни таъминлаган
бўлса-да, капитал самарадорлиги, корпоратив бошқарув ва инвестициявий рақобат
нуқтаи назаридан чекланган имкониятларга эга эди.
Сўнгги йилларда эса мамлакатимиз раҳбарияти томонидан иқтисодиётни
либераллаштириш, давлат иштирокини қисқартириш, хусусий сектор улушини ошириш
ва капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар
ўтказилди. UzNIF IPOси айнан шу сиёсатнинг мантиқий давоми.
UzNIF мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларидаги 13 та
йирик давлат активини бирлаштирган тузилма. Фонд таркибига энергетика,
транспорт, телекоммуникация, коммунал инфратузилма ва банк соҳасидаги муҳим
активлар киритилган. Инвесторлар битта компания акциясини эмас, балки бутун
мамлакат иқтисодиётининг асосий инфратузилмавий сегментларига боғланган
диверсификацияланган портфелни сотиб олмоқда.
Бу модель халқаро инвесторлар учун бир неча жиҳатдан жозибадор.
Биринчидан, рисклар диверсификация қилинади. Яъни бир тармоқдаги муаммо
бошқасидаги ўсиш ҳисобига қопланиши мумкин. Иккинчидан, мамлакатимиз
иқтисодиётининг умумий ўсиши фонд активлари қийматига тўғридан тўғри таъсир
кўрсатади. Учинчидан, стратегик инфратузилма активлари одатда узоқ муддатли
барқарор даромад манбаи бўлади. Тўртинчидан, бундай фонд модели давлат
активларини тўғридан тўғри эмас, балки профессионал бошқарув орқали бозорга
олиб чиқиш имконини беради.
Мазкур жиҳатлар UzNIFни оддий хусусийлаштириш жараёнидан ажратиб
кўрсатади. Аслида, давлат активларини замонавий инвестиция экотизимига
интеграция қилиш механизми ҳисобланади.
UzNIF акцияларининг Лондон фонд биржасида жойлаштирилишини
мамлакатимиз молия бозори тарихидаги муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф
этиш мумкин. Чунки Лондон фонд биржаси нафақат Европанинг, балки бутун
жаҳоннинг энг йирик ва нуфузли молиявий платформаларидан. Ушбу бозорга чиқиш
ҳар қандай компания учун катта имкониятлар билан бирга юксак масъулият ва
қатъий талабларни ҳам англатади.
Хусусан, бундай халқаро майдонда фаолият юритиш учун эмитент молиявий
ҳисоботларнинг халқаро стандартларига тўлиқ мувофиқ ишлаши, корпоратив бошқарув
тизимида шаффофликни таъминлаши, мустақил аудит хулосаларига эга бўлиши,
инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиши ҳамда очиқ ахборот сиёсати юритиши
талаб этилади. Бу эса компаниянинг фақат ички бозор талабларига эмас, балки
глобал молия тизимида қабул қилинган замонавий бошқарув мезонларига ҳам мослаша
олганини кўрсатади.
Муҳими, мазкур жараён мамлакатимиз иқтисодиётининг халқаро капитал
бозорларига интеграцияси тобора чуқурлашаётганини намоён этмоқда. Шу маънода,
UzNIFнинг Лондон фонд биржасидаги иштироки нафақат бир компаниянинг
муваффақияти, балки юртимизда очиқ иқтисодиёт, инвестициявий жозибадорлик ва
корпоратив ислоҳотлар янги босқичга кўтарилаётганининг амалий ифодасидир.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Халқаро
инвесторлар, айниқса, йирик институционал инвесторлар муайян бозорга фақат
барқарорлик, шаффофлик ва ишонч муҳити етарли даражада шакллангандагина кириб
боради. Зеро, бундай молиявий институтлар миллиардлаб долларлик активларни
бошқаради ва инвестиция қарорларини қабул қилишда рискларни ўта синчковлик
билан баҳолайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, IPO жараёнида “BlackRock”, “Franklin
Templeton” ҳамда “Redwheel” каби нуфузли халқаро инвестиция компанияларининг
иштироки мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим ишонч индикатори сифатида
баҳоланади. Бу, бир томондан, мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар ва
корпоратив бошқарув тизими халқаро молия бозори иштирокчилари томонидан ижобий
қабул қилинаётганини кўрсатса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг глобал капитал
бозорларидаги инвестициявий нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат
беради.
Халқаро инвесторлар нега юртимизга қизиқмоқда? Масаланинг энг муҳим
нуқтаси айнан шу савол билан боғлиқ. Бугун глобал капиталнинг мамлакатимиз
бозорига эътибор қаратаётгани тасодифий ҳолат эмас. Бунинг ортида
иқтисодиётимизда сўнгги йиллардаги тизимли ислоҳотлар ва шаклланаётган янги
иқтисодий муҳит турибди.
Аввало, иқтисодий либераллашув жараёни халқаро инвесторлар учун муҳим
сигнал бўлди. Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, ташқи савдо чекловларининг
босқичма-босқич қисқартирилиши, хусусий сектор учун имкониятлар кенгайиши ҳамда
бозор механизмларининг кучайиши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини
оширди. Зеро, ҳар қандай инвестор капитал киритишдан олдин иқтисодий
қоидаларнинг барқарорлиги, бозор муносабатларининг очиқлиги ва давлат
сиёсатининг прогноз қилина олиш даражасига эътибор қаратади. Юртимизда айнан шу
йўналишда муҳим институционал ўзгаришлар амалга оширилди.
Иккинчи муҳим омил — макроиқтисодий барқарорлик. Жаҳон иқтисодиётида турбулентликлар
кучайган шароитда ҳам мамлакатимизда юқори иқтисодий ўсиш суръати сақланиб
қолаётгани халқаро молия институтлари ва инвесторлар эътиборини тортмоқда.
Инфратузилма лойиҳаларининг кенгайиши, саноат тармоқларини модернизация қилиш,
ички бозор ҳажмининг ўсиши ҳамда инвестициявий фаолликнинг ортиши бизни
Марказий Осиёдаги энг истиқболли иқтисодиётлардан бири сифатида кўрсатмоқда.
Учинчи омил мамлакатимизнинг демографик салоҳияти билан боғлиқ.
Аҳолимизнинг катта қисми ёшлардан иборат бўлиб, меҳнатга лаёқатли қатлам улуши
юқори. Бу эса, бир жиҳатдан, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳаси учун кенг меҳнат
ресурсларини таъминласа, иккинчи томондан, ички истеъмол бозорининг узоқ
муддатли ўсишини кафолатлайди. Халқаро инвесторлар айнан шундай катта ва ўсиб бораётган
бозорларни стратегик йўналиш сифатида баҳолайди.
Тўртинчи омил — геоиқтисодий ўрнимиз. Марказий Осиёнинг қоқ марказида
жойлашган мамлакатимизга транспорт, логистика ва савдо йўлаклари кесишган муҳим
ҳудуд сифатида қаралмоқда. Кейинги йилларда темир йўл, автомобиль йўллари,
қуруқлик портлари ва минтақавий транзит инфратузилмасини ривожлантиришга
қаратилган лойиҳалар мамлакатимизнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширмоқда. Бу
эса Ўзбекистоннинг нафақат ички бозор, балки минтақавий хаб сифатидаги жозибадорлигини
ҳам таъминлайди.
Бешинчи муҳим омил — давлат активларини трансформация қилиш ва
корпоратив ислоҳотларни чуқурлаштириш сиёсати. Айниқса, давлат иштирокидаги
йирик корхоналарда корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиш, молиявий
ҳисоботларда шаффофликни кучайтириш, мустақил аудит амалиётини кенгайтириш ва
халқаро консалтинг институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш инвесторлар
ишончини мустаҳкамламоқда. Чунки глобал капитал учун фақат бозор ҳажми эмас,
балки корпоратив бошқарув сифати ва инвестиция хавфларининг бошқарилиши ҳам ҳал
қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистонга қизиқиш қисқа муддатли конъюнктура эмас, балки
мамлакатимиз иқтисодиётида шаклланаётган янги институционал муҳитнинг натижаси
сифатида намоён бўлмоқда.
Женни Жонсоннинг баёнотида ҳам айнан шу жиҳатга алоҳида урғу берилди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати билан давлат корхоналарида самарали
корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, молиявий шаффофликни кучайтириш ва
маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик халқаро
инвесторларда ишонч уйғотмоқда. Бу эса мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар
глобал молия институтлари томонидан ижобий баҳоланаётганини кўрсатади.
UzNIF IPOсини оддий молиявий операция сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди.
Мазкур жараён мамлакатимиз иқтисодиёти учун узоқ муддатли институционал
аҳамиятга эга муҳим қадам. Чунки гап фақат акциялар жойлаштириш ёки капитал
жалб қилиш ҳақида эмас, балки Ўзбекистон иқтисодиётида янги молиявий
инфратузилма ва бозор муносабатларини шакллантириш ҳақида бормоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётида кўп йиллар давомида банк кредитлари асосий
молиялаштириш манбаи бўлиб келди. Натижада иқтисодий фаолликнинг катта қисми
банк тизимига боғланиб қолди ва молиявий рисклар ҳам асосан шу сектор зиммасига
тушди. Бу эса иқтисодиётнинг узоқ муддатли барқарорлиги нуқтаи назаридан муайян
чекловларни юзага келтириши мумкин.
Ривожланган давлатлар тажрибасида эса капитал бозорига иқтисодиётнинг
энг муҳим молиявий механизмларидан бири сифатида қаралади. Компаниялар акция,
облигация ва бошқа молиявий инструментлар орқали тўғридан тўғри инвесторлардан
маблағ жалб қилади. Бу эса иқтисодиётда молиялаштириш манбаларини
диверсификация қилиш, рақобат муҳитини кучайтириш ва хусусий капитал ҳаракатини
фаоллаштириш имконини беради.
Шу маънода, UzNIF IPOси маҳаллий капитал бозори учун янги босқични
бошлаб бермоқда. Аввало, бозорда ликвидлик даражаси ошади, инвесторлар базаси
кенгаяди ва янги эмитентлар учун амалий намуна шаклланади. Энг муҳими,
аҳолининг инвестиция маданияти ривожланиб, молиявий инструментларга қизиқиши
ортади. Бу эса келгусида миллий капитал бозорининг чуқурлашуви учун мустаҳкам
замин яратади.
IPO жараёнининг яна бир муҳим натижаси давлат иштирокидаги
компанияларда бозор интизомининг шаклланишидир. Чунки очиқ бозорга чиққан ҳар
қандай компания инвесторлар, аудиторлар ва молия бозори иштирокчилари олдида
доимий ҳисобдор бўлади.
Бу эса, биринчи навбатда, харажатларни оптималлаштириш, бошқарув
самарадорлигини ошириш ва корпоратив қарорлар қабул қилиш сифатини яхшилашга
хизмат қилади. Шу билан бирга, молиявий шаффофлик кучаяди, мустақил аудит
амалиёти мустаҳкамланади ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари
такомиллашади.
Энг муҳими, давлат активларини бозор тамойиллари асосида бошқариш
амалиёти кенгайиб, иқтисодиётда рақобат муҳити ва хусусий капитал иштироки
ортади. Бу эса миллий иқтисодиёт самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан.
Бозор механизмининг жорий этилиши давлат активларидан янада самарали
фойдаланишга ундайди. Чунки очиқ бозор шароитида компания фаолияти фақат давлат
назорати эмас, балки инвесторлар, таҳлилчилар ва халқаро молия институтлари
томонидан ҳам мунтазам баҳолаб борилади. Бу эса бошқарув интизомини
кучайтиради, харажатларни оптималлаштиради ва ресурслардан фойдаланиш
самарадорлигини оширади.
IPOнинг муваффақиятли ўтиши халқаро рейтинг агентликлари ва инвестиция
фондлари учун муҳим сигнал. Зеро, бозорда баҳоланган активлар мамлакат
иқтисодиёти ҳақида анча объектив тасаввур ҳосил қилади. Бунинг ўзи инвесторлар
учун ишонч даражасини оширади.
Талабнинг таклифдан тўрт баробар юқори бўлгани эса халқаро инвесторлар
Ўзбекистон активларига катта қизиқиш билдирганини яққол кўрсатди. Бундай
кўрсаткич мамлакатимизнинг инвестиция имижи мустаҳкамланиб бораётгани ва
иқтисодий ислоҳотлар ташқи бозорларда ижобий қабул қилинаётганини англатади.
Женни Жонсон таъкидлаганидек, UzNIF IPOси бошқа компаниялар учун ҳам
муҳим йўл очувчи тажриба бўлиши мумкин. Бу жуда муҳим жиҳат. Чунки
муваффақиятли IPO механизми кейинги босқичда йирик давлат компанияларининг
халқаро бозорга чиқиши, хусусий сектор учун янги молиялаштириш манбалари пайдо
бўлиши ва маҳаллий фонд бозорининг чуқурлашувига замин яратади.
Шу билан бирга, бундай жараён Тошкентнинг минтақавий молиявий марказ
сифатидаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди.
Нега талаб тўрт баробар юқори бўлди? IPOга талабнинг таклифдан тўрт
баробар юқори бўлиши алоҳида таҳлил талаб қилади. Бу, аввало, халқаро
капиталнинг янги ўсиш бозорларини излаётгани билан изоҳланади. Жаҳонда
анъанавий бозорларда ўсиш суръати секинлашиб бораётган бир шароитда инвесторлар
истиқболли ривожланаётган иқтисодиётларга эътиборни кучайтирмоқда.
Марказий Осиё бу жиҳатдан ҳали тўлиқ очилмаган бозор сифатида
баҳоланади. Мамлакатимиз эса аҳоли сони, ички бозор ҳажми, табиий ресурслари,
стратегик географик жойлашуви ва ислоҳотлар суръати билан минтақада ажралиб
туради. Инвесторлар айнан шу узоқ муддатли салоҳиятни кўрмоқда ва унга капитал
йўналтирмоқда.
Бундан ташқари, глобал инвесторлар инфратузилма ва давлат активлари
билан боғлиқ инвестицияларга алоҳида қизиқиш билдиради. Чунки бундай активлар,
одатда, иқтисодий цикллар таъсирига нисбатан барқарордир. Энергетика,
транспорт, коммуникация ва йирик саноат объектлари каби соҳаларга узоқ муддатли
даромад манбаи сифатида қаралади. Шу нуқтаи назардан, юртимизда давлат
активларини трансформация қилиш жараёни халқаро капитал учун муҳим инвестиция
имкониятларини шакллантирмоқда.
IPOда иштирок этган инвесторларнинг 97 фоизи халқаро инвесторлар
ҳиссасига тўғри келгани икки муҳим хулосани англатади. Аввало, бу кўрсаткич
Ўзбекистон иқтисодиётига нисбатан ташқи ишонч юқори даражага кўтарилаётганини
кўрсатади. Яъни халқаро молия бозори иштирокчилари мамлакатимизнинг узоқ
муддатли иқтисодий салоҳиятини ижобий баҳоламоқда.
Бироқ мазкур рақам иккинчи муҳим масалани ҳам очиб беради. Яъни
маҳаллий институционал инвесторлар бозори ҳали етарлича шаклланмаган.
Ривожланган мамлакатларда IPO жараёнида пенсия фондлари, суғурта компаниялари,
инвестиция ва пай жамғармалари каби йирик ички институтлар фаол иштирок этади.
Улар ички капитал бозорининг барқарор таянчидир. Юртимизда эса бундай
институтлар ҳали ривожланиш босқичида турибди. Шу боис, келгусида маҳаллий
институционал инвесторларни шакллантириш стратегик вазифалардан бирига
айланади. Хусусан, аҳоли маблағларини капитал бозорига кенгроқ жалб қилиш,
молиявий саводхонликни ошириш, пенсия ва инвестиция жамғармалари фаолиятини
ривожлантириш ҳамда узоқ муддатли ички капитал манбаларини кўпайтириш жуда
муҳим.
Ҳар қандай йирик иқтисодий ислоҳот сингари IPO жараёни ҳам муайян риск
ва чақириқлардан холи эмас. Чунки халқаро капитални жалб қилишнинг ўзи камлик
қилади. Энг муҳими — ушбу ишончни узоқ муддат сақлаб қолиш.
IPOдан кейин инвесторлар энди баёнотлар ёки ислоҳотлар ҳақидаги
режаларни эмас, балки реал натижаларни кузатади. Халқаро бозорда компания
қиймати, биринчи навбатда, унинг самарадорлиги, шаффофлиги ва бошқарув сифати
билан баҳоланади.
Агар компанияларда самарадорлик ошмаса, молиявий шаффофлик
таъминланмаса, давлат аралашуви юқори даражада сақланиб қолса ёки менежмент
мустақил қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлмаса, инвесторлар ишончи пасайиши
мумкин. Бу эса келгусида капитал жалб қилиш имкониятларига салбий таъсир
кўрсатади.
Шу маънода, IPO ислоҳотларнинг якуни эмас, балки уларнинг янги ва анча
масъулиятли босқичидир. Чунки очиқ бозорга чиққан компания энди глобал
инвесторлар олдида доимий равишда ўз самарадорлиги ва бошқарув сифати билан
ҳисобдор бўлади.
Капитал бозори бир марта ўтказилган IPO билан шаклланиб қолмайди. Унга
хизмат қиладиган бутун бир институционал муҳит зарур. Агар шу муҳит бўлмаса,
ҳатто муваффақиятли деб баҳоланган жойлаштирув ҳам узоқ муддатли самара
бермаслиги мумкин.
Капитал бозорини барқарор ривожлантириш учун қуйидаги шартлар ҳал
қилувчи аҳамиятга эга: кучли брокерлик тизими, мустақил аудит амалиёти, юқори
сифатли таҳлил мактаби, ишончли ҳуқуқий ҳимоя, суд тизимининг самарадорлиги
ҳамда корпоратив ахборотнинг ошкоралиги. Бу омиллар ўзаро узвий боғлиқ. Улардан
бири заиф бўлса, бозор бутунлай мувозанатини йўқотиши мумкин.
UzNIF IPOси биринчи қадам, холос. Асосий вазифа энди шу битимни
алоҳида воқеа эмас, балки капитал бозорини тизимли равишда шакллантириш
жараёнининг бошланиши сифатида давом эттиришдир.
Глобал молиявий бозорлар табиатан жуда ўзгарувчан. Геосиёсий
зиддиятлар, марказий банкларнинг фоиз ставкалари бўйича қарорлари, энергия
нархлари, хомашё бозорларидаги тебранишлар ва эҳтимолий глобал рецессия
хавфлари ривожланаётган иқтисодиётларга тўғридан тўғри таъсир кўрсатади. Демак,
ташқи муҳитдаги ҳар бир силжиш инвестиция оқимларига ҳам, бозор кайфиятига ҳам
таъсир этмасдан қолмайди.
Биз учун энг муҳим вазифалардан бири макроиқтисодий барқарорликни
сақлаш ва ташқи шокларга чидамли иқтисодий моделни мустаҳкамлашдир. Инвестор
капитални барқарорликка тикишни истайди, агар ушбу барқарорлик заифлашса, энг
жозибали актив ҳам қизиқишни йўқотиши мумкин. Шунинг учун инвестициявий
жозибадорликни сақлаб қолиш фақат бир марталик муваффақият эмас, балки доимий
иқтисодий интизомни талаб қилади.
UzNIF IPOси яна бир стратегик саволни кун тартибига олиб чиқди.
Ўзбекистон келажакда Марказий Осиёнинг молиявий марказларидан бирига айлана
оладими? Бу савол ортиқча эмас. Аксинча, у мамлакатимизнинг кейинги иқтисодий
траекторияси қайси томонга бурилишини белгилайди.
Бу мақсадга эришиш учун бир нечта зарур шарт мавжуд. Биринчидан,
капитал бозори чуқур ва ликвид бўлиши керак. Яъни бозорда битимлар кўп,
иштирокчилар турли ва активлар эркин сотилиб-сотиб олинадиган муҳит шаклланиши
лозим. Ликвидлик бўлмаган жойда молиявий марказ ҳақида гапириш қийин.
Иккинчидан, ҳуқуқий тизим инвестор учун ишончли бўлиши шарт. Инвестор
ўз капитали ҳимоя қилинишига ишонмаса, ҳеч қандай имтиёз ёки реклама уни
бозорда узоқ муддат ушлаб тура олмайди. Шу боис, ҳуқуқ устуворлиги молиявий
марказнинг асосий таянчларидан.
Учинчидан, халқаро молиявий институтлар ва инвестиция банклари учун
қулай муҳит яратилиши зарур. Бу фақат регулятор енгиллиги дегани эмас. Бу
қоидаларнинг аниқлиги, бозорга кириш ва чиқиш механизмларининг соддалиги,
ахборот очиқлиги ва институционал барқарорлик дегани.
Тўртинчидан, миллий валюта барқарорлиги ва иқтисодий
прогнозланувчанлик таъминланиши шарт. Валютадаги кескин тебранишлар капиталнинг
узоқ муддатли қарорларини заифлаштиради. Шу сабаб молиявий марказ фақат техник
инфратузилма эмас, балки ишончли макроиқтисодий муҳит билан ҳам баҳоланади.
Бешинчидан, инсон капитали етарли даражада шаклланиши керак. Молиявий
таҳлилчилар, инвестиция банкирлари, корпоратив ҳуқуқшунослар, риск-менежерлар,
аудит ва комплаенс мутахассислари қатлами кенгаймас экан, молиявий марказнинг
мазмунли пойдевори бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан, UzNIF IPOси Тошкентни молиявий марказга айлантириш
йўлидаги биринчи йирик қадам сифатида баҳоланиши мумкин. Аммо бу қадамнинг
қиймати шундаки, у кейинги ислоҳотлар учун мезон ҳам, синов ҳам бўлиб хизмат
қилади. Яъни энди масала бир битимда эмас, балки бутун тизимни ишлайдиган
ҳолатга келтиришда.
Капитал бозорининг ривожланиши фақат йирик инвесторлар манфаати билан
чекланиб қолмайди. Унинг таъсири кенг жамоатчилик ҳаётига ҳам бевосита етиб
боради. Зеро, самарали капитал бозори аҳоли жамғармаларини иқтисодиётга
йўналтириш, бизнес учун қўшимча молиялаштириш манбаларини яратиш ва
мамлакатнинг умумий иқтисодий динамикасини тезлаштиришга хизмат қилади.
Узоқ муддатли истиқболда бундай жараёнлар қуйидаги ижобий натижаларни
беради: аҳолининг инвестиция қилиш маданияти шаклланади, шахсий жамғармалар
иқтисодиётга жалб этилади, бизнес учун нисбатан арзон капитал манбалари пайдо
бўлади, янги иш ўринлари очилади ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш
суръати тезлашади. Энг муҳими, иқтисодиёт давлат бюджетига ортиқча босим
ўтказмасдан ҳам барқарор ривожланиш имкониятига эга бўлади.
Қисқаси, Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги давр бошланмоқда. UzNIF
IPOсини оддий молиявий битим сифатида баҳолаш етарли эмас. Бу мамлакатимиз
иқтисодиётида янги модель шаклланаётганининг яққол белгисидир. Мазкур модель
давлатга қаттиқ боғланган иқтисодий тартибдан бозор тамойилларига таянадиган
иқтисодиётга, ёпиқликдан глобал интеграцияга, маъмурий бошқарувдан корпоратив
бошқарувга ҳамда бюджет маблағларига суянган молиялаштиришдан инвестициявий
молиялаштиришга ўтишни англатади.
Албатта, олдинда ҳал қилиниши лозим бўлган мураккаб вазифалар кам
эмас. Бироқ энг муҳим натижа шундаки, Ўзбекистон халқаро капитал бозори
харитасида ўз ўрнини кўрсатди. Лондон фонд биржасидаги IPO мамлакатимизнинг
инвестициявий имижига, иқтисодий ислоҳотларига ва стратегик трансформация
жараёнига берилган жиддий халқаро баҳо бўлди.
Глобал инвесторлар энди юртимизга фақат хомашё манбаси ёки истеъмол
бозори сифатида эмас, балки узоқ муддатли иқтисодий ҳамкор сифатида қарамоқда.
Айнан шу нуқта UzNIF IPOсининг ҳақиқий тарихий аҳамиятини белгилаб беради.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси
Фан, таълим, маданият,
спорт ва ёшлар
масалалари қўмитаси
раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор