Тадбирлар орасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2026” 28-халқаро кўргазма ва конференцияси, “Power Uzbekistan 2026” 19-халқаро кўргазмаси ҳамда “Марказий Осиёнинг яшил ва энергия тежовчи технологиялари – GETCA” 6-халқаро энергетика конференцияси ўрин олган.

Шунингдек, халқаро ҳамкорлар иштирокида G2B ва B2B форматдаги музокаралар ҳам бўлиб ўтмоқда.

Ҳафталикнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев сўнгги йилларда Ўзбекистон энергетика соҳасига қарийб 35 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда 9 гигаватт янги генерация қувватлари ишга туширилган бўлиб, умумий генерация қуввати 25,8 гигаваттга етган. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 60 миллиард киловатт-соатдан 85 миллиард киловатт-соатгача ошган.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 5,5 гигаваттдан ошган. Гидроэнергетика билан бирга тоза энергиянинг умумий энергетика балансдаги улуши 30 фоизга етган.

Шунингдек, аҳоли, ижтимоий объектлар ва бизнес субъектлари биноларида 2 гигаваттдан ортиқ қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилгани маълум қилинди.

Энергетика ҳафталиги доирасида “Минтақада барқарор энергетика архитектураси учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” мавзусида ялпи мажлис ҳам ўтказилмоқда.

Унда минтақавий энергетик ҳамкорлик, энергетика хавфсизлиги, “яшил” иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия манбалари ва “ақлли” тармоқларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Беларусь Энергетика вазири Денис Мороз, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика вазирлари ўринбосарлари, ШҲТ Бош котиби ўринбосари ҳамда Газ экспорт қилувчи давлатлар форуми Бош котиби иштирок этмоқда.