Учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, мамлакат Бош вазири, Вице-президенти ва Дубай Амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум ҳамда Вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаённинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон – БАА дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Давлат хизмати механизмларини такомиллаштиришнинг 10 та асосий йўналиши бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи қўшма “йўл харитаси” изчил амалга оширилмоқда. БААнинг бюрократияни қисқартириш соҳасидаги илғор тажрибаси жорий этилмоқда. Тегишли дастур доирасида лойиҳа офиси ишга туширилди.

Ҳозирга қадар қамрови бир миллиондан ошган “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” таълим дастурини амалга ошириш натижалари ҳам эътироф этилди.

Бугун “Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Мазкур ташаббус қамровини, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларини жалб қилиш ҳисобига янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Умуммиллий китобхонлик ҳаракатини биргаликда йўлга қўйиш режалари кўриб чиқилди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва камол топтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма тараққиёт форумларини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ривожига хизмат қилувчи стратегик ва концептуал ҳужжатларни тайёрлашни илгари суриш бўйича келишувга эришилди.