«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 6–7 июнь кунлари мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди.

Фақат 6 июнда Фарғона водийсида, 7 июнда эса Қорақалпоғистоннинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шамол тезлиги секундига 7–12 метрни ташкил этади. Айрим жойларда у 13–18 метргача кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Республика шимолида 7 июнь куни шамол тезлиги секундига 20–22 метргача етиши эҳтимоли бор.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 5–7 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Мутахассислар сел ва сув тошқини хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.

Тошкент шаҳрида бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 30–32 даража атрофида бўлади.

Шанба ва якшанба кунлари пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати шанба куни 30–32 даража, якшанба куни эса 34–36 даражагача кўтарилади. Шамол тезлиги секундига 3–8 метр бўлиб, айрим вақтларда 10–12 метргача кучайиши ва шаҳарнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.