Бу савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоб тизимини янада рақамлаштиришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, рецепт билан бериладиган дори воситаси сотилганда унинг электрон рецепт рақами чекда мажбурий тарзда акс эттирилади. Мутасаддилар бу орқали дори савдоси устидан назорат кучайиши ва ноқонуний айланма қисқаришини кутмоқда.

Ҳужжатда қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартибига ҳам ўзгартиш киритилмоқда. Унга кўра, ҚҚСнинг салбий фарқини тезлаштирилган тарзда қоплаш механизми фақат Президент қарори билан тасдиқланган йирик солиқ тўловчилар учун амал қилиши мумкин.

Лойиҳадаги энг кўп муҳокама қилинаётган таклифлардан бири рақамли маркировкага оид. Хусусан, қалбаки маркировкаланган ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва сотиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормани бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Бу ташаббус бизнес ва ҳуқуқшунослар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки рақамли маркировка тизими кейинги йилларда хуфиёна иқтисодиётга қарши муҳим воситалардан бири сифатида кўрилаётган эди.

Ҳукуматга кўра, таклиф этилаётган ўзгаришлар электрон ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва рақамли ечимларни кенг жорий қилишга хизмат қилади.

Айни вақтда қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.