Ҳужжатда аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган вазифалар белгиланган.
Фармонга мувофиқ, миллий дастурларни амалга оширишнинг асосий мақсадлари билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш, юқори технологиялар ҳамда меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат.
Таълим соҳасида 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича мавжуд имтиёзларни сақлаб қолиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш назарда тутилган. Шунингдек, барча умумтаълим мактабларини босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олиш белгиланган.
Олий таълим соҳасида камида 10 та олий таълим ташкилотини нуфузли халқаро рейтингларнинг топ-1000 талик рўйхатига киритиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, 10 миллион нафар ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб қилиш кўзда тутилган.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида давлат харажатларини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказиш, соғлиқни сақлаш тизимида профилактикага асосланган саломатликни асраш моделига ўтиш белгиланган. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам соҳасида рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг камида 5 та нуфузли клиникасини жалб қилиш ҳам режалаштирилган.
Суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш доирасида ҳуқуқий тарбия ҳамда ҳуқуқий саводхонликни умумтаълим мактабларидан бошлаб тизимли йўлга қўйиш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш чораларини кучайтириш белгиланган. Шунингдек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашиш чоралари кучайтирилади.
Фармонда маҳаллаларнинг жамият тараққиётидаги ролини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат дастурларини маҳаллаларнинг талаб ва эҳтиёжлари асосида шакллантириш, маҳалла буюртмалари бўйича 30 кун ичида асослантирилган қарор қабул қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилган.
Ҳужжат билан белгиланган вазифалар инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.