28 сентябрдан иш бошлаган мобил хизмат болаларга уй шароитида тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, касаллик аломатларини енгиллаштириш ҳамда уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мобил бригада таркибига тиббиёт мутахассислари, ижтимоий ходимлар ва психологлар киритилган. Улар ҳар бир бола ва унга ғамхўрлик қилаётган оила аъзолари учун индивидуал ёрдам режасини ишлаб чиқади. Шунингдек, ота-оналарга болани парваришлаш кўникмалари ўргатилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, лойиҳанинг асосий мақсади — оилаларга боланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ёрдамни уйда ёки хосписда олиш имкониятини яратиш.
«Боланинг ташхисини ўзгартиришга ожизмиз, аммо унинг ҳар бир кунини ўзгартириш ўз қўлимизда», — деди у.
Шаҳноза Мирзиёева ушбу лойиҳа нафақат тиббий ёрдам кўрсатиш, балки оғир касалликка чалинган болаларга бўлган муносабатни ўзгартиришда ҳам муҳимлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бундай болаларнинг хоҳиш-истаклари, орзулари ва қизиқишларини инобатга олиш, уларнинг жамиятнинг ажралмас қисми бўлиш ҳуқуқини таъминлаш зарур.
«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳар бир бола учун алоҳида кейс очади ҳамда зарур ижтимоий хизматлар ва техник реабилитация воситаларини олишда кўмаклашади.
Жумладан, болаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мослаштирилган ногиронлик аравачалари, вертикализаторлар, функционал каравотлар ва ётоқ яраларининг олдини олувчи матраслар билан таъминлашга ёрдам берилади.
Айни пайтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болалар хосписини қуриш ишлари ҳам давом этмоқда.
Хоспис ва фаолиятини бошлаган мобил хизмат биргаликда оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар ҳамда уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ягона паллиатив ёрдам тизимининг бир қисмига айланади.