Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 576-сон қарори билан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Ҳужжатга кўра, Президентнинг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сон фармони асосида 2027 йил 1 январдан Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш, шунингдек, ғазначилик ва пенсия таъминоти тизимларини рақамлаштириш ҳамда автоматлаштириш орқали ҳудудларда ихчам офислар ташкил этиш назарда тутилган.

Бунда Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ҳар бир туман ва шаҳарда 1–3 штат бирлигидан иборат ихчам хизмат кўрсатиш офислари ташкил этилади.

2026 йил октябрь–декабрь ойларида тажриба-синов тариқасида Андижон, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг айрим шаҳарларида Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш, уни қайта ҳисоблаш, пенсия турини ўзгартириш ҳамда тўловларни ташкил этиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари жамғарманинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.

Тажриба ўтказиладиган ҳудудлардаги барча ҳудудий бошқармаларда пенсия тайинлаш ва тўлаш масалалари бўйича уч кишидан иборат комиссиялар тузилади. Улар Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ фаолият юритади.

Тажриба-синов натижалари асосида янги механизмни 2027 йил 1 январдан бошлаб бутун республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилган.

Қарор 2026 йил 19 октябрда қабул қилинган ва шу кундан кучга кирган.