Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган, муқаддам судланган, ҳозирда пробация ҳисобида турган шахс ва унинг 1995 йилда туғилган шериги Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган дала майдонидаги хуфия жойдан 2 кг 381 гр «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситасини олиб, ортга қайтаётган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Божхона органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу синтетик наркотик модда «Telegram» мессенжеридаги интернет наркодўкон аъзолари томонидан Россия Федерациясидан мамлакатимизга олиб келинган.

Бошқа ҳолатда эса Янгийўл шаҳрида фаолият юритувчи тижорат банкларидан бирининг 2 нафар мутахассиси муқаддам наркокурерлар Янгийўл туманидаги дала майдонига яшириб кетган 485 гр «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олиб, ўзларининг 1998 йилда туғилган танишини хонадонида сақлаётганликлари аниқланди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида улардан ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.