Маълум қилинишича, мазкур қоидабузарликлар солиқ органлари орқали фош этилган бўлиб, Қўмитанинг “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали доимий назоратга олинган.
2025–2026 йиллар давомида тизимга келиб тушган маълумотлар асосида 991 та дорихонада — 152 та улгуржи ва 839 та чакана савдо нуқталарда жами 414 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолати қайд этилган.
Текширувлар натижасида 8,5 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланиб, ушбу маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, лицензия талабларини бузган корхоналар бўйича тегишли ҳужжатлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тақдим этилди.
Қайд этилишича, қатор дори тарқатувчи ташкилотлар — “FARM EFFEKT”, “PHARMA BREND”, “GIPOFIZ FARM”, “MAXSUDBEK BIZNES”, “THE GREAT FARM” ва “MEDEX GROUP PHARM” корхоналарининг лицензиялари нархларни сунъий оширгани учун бекор қилинган.
Рақобат қўмитаси мазкур йўналишда назоратни янада кучайтириш, қонунбузарликка йўл қўйган дорихоналарга нисбатан қатъий чоралар кўриш ҳамда улар рўйхатини очиқ эълон қилиб боришини маълум қилди.