“Ҳудудгазтаминот” матбуот хизматининг маълум қилишича, маиший газ баллонларини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш хавфсизлик талабларига зид. Бу тақиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг 674-бандида ҳам белгиланган.
Шу йил 2 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ–1186-сон Қонун билан автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Ушбу норма 2027 йил 5 февралдан кучга киради.
“Ҳудудгазтаминот” ижтимоий тармоқларда тарқалган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший баллонларни тўлдириш учун жавобгарлик белгилангани юзасидан билдирилган турли фикрларга муносабат билдираркан, маиший газ баллонларини тўлдириш хизмати бекор қилинмагани ва аҳоли учун чекланмаганини таъкидлади.
Амалдаги тартибга кўра, бу хизмат тегишли хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, белгиланган тартибда рухсат олган махсус газ тўлдириш станциялари (ГТС) ва шохобчалари (ГТШ) орқали амалга оширилади.
Республика бўйича «ЛПГ-Траде» МЧЖ тасарруфида бўлмаган 360 дан ортиқ газ тўлдириш станцияси ва шохобчаси мавжуд. Улар мустақил юридик шахслар томонидан бошқарилади ҳамда аҳолининг маиший газ баллонларини тўлдириш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, аҳоли учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида мавжуд автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ҳудудида маиший баллонларни хавфсиз тўлдиришга мўлжалланган алоҳида махсус постлар ташкил этиш таклифи тегишли ташкилотларга киритилган.