Босма нашрлар, телерадио каналлари ва ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, вақт ўтгани сайин ижодкор хотин-қизларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланади.

Шунингдек, ОАВда фаолият олиб бораётган истеъдодли журналист опа-сингилларимизга йўл-йўриқлар кўрсатиш, рағбатлантириш борасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида ташкил этилган Журналист аёллар кенгаши ҳам қатор вазифаларни амалга оширмоқда.

Кенгашнинг навбатдаги давра суҳбатида “Журналист хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини амалга ошириш масалалари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида сўз юритилди.

Кенгаш раиси Феруза Одилова йиғилишни очиб берар экан, ОАВ ходимлари сафида фидойилик билан ижод қилиб келаётган ҳамкасбларимизни алоҳида эътироф этди.

– 8 март Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказилиб келинган “Атиргул” танловини қайта тиклашни таклиф қиламан, – деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. –   Чунки ҳам оиласида, ҳам жамиятда маънавий-маърифий муҳитни яратиш учун жон куйдираётган хотин-қизларимиз ҳар қанча таҳсинга ва эътирофга лойиқдир. Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва  бошқа қатор ташкилотлар томонидан ўтказилиб келинаётган “Йил аёли” миллий танловида журналист хотин-қизлар учун алоҳида номинация жорий этилиши ҳам мақсадга мувофиқ деб биламан.  

Кенгаш йиғилишида маъруза қилган таниқли сиёсатчи ва журналист Феруза Муҳаммаджонова журналист опа-сингилларимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги таклифларини ўртага ташлар экан, сўнгги йилларда хусусан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, Олий Мажлис Қонцнчилик палатаси депутатлари орасида хотин-қизларимиз сони ортиб бораётганини айтиб ўтди.

Тадбир якунида бир гуруҳ журналист аёллар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига аъзоликка қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.   

  Мухтасар Тожимаматова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.