Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, миниатюрачи рассом Бехзод Хаджиметов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари ва ёш миниатюрачи рассомларнинг “Шарқ нафис санъати ёшлар нигоҳида – IV” номли кўргазмаси очилди. 

“Шарқ нафис санъати ёшлар нигоҳида – IV” номли кўргазмани ташкил этиш ғояси рассом Бехзод Хаджиметов томонидан илгари сурилган бўлиб, илк кўргазма 2017 йилда ташкил этилган. Аньанага айланган ушбу кўргазмада миниатюрачи рассом Беҳзод Хаджиметов ва ёш миниатюрачи рассомлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этдилар.

Кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн

институти ёш ўқитувчилари, олийгоҳ битирувчилари ва талабалари ижод намуналари намойиш этилди. Кўргазмада ижодкорларнинг бутун маҳорати сезилиб турган ўзига хос кайфият ҳукмрон бўлган 60 дан ортиқ асарлар намойиш этилди. Намойиш этилган асарларда Исфахон, Табриз, Хирот, Ҳинд миниатюра мактабларидан нусхалар, анъанавий, замонавий миниатюралар, Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаххор асарларига бағишланган иллюстрациялар ўрин олган. Шунингдек, кўргазмада тарихий шахслар, ҳунармандчилик, маънавий ва маданий ҳаёт ҳамда турмуш тарзимиз акс эттирилган асарлар ҳам ўрин олган.

Ҳасан Абдуназаров,

Тарих фанлари номзоди, доцент