Бухоро вилояти Қоракўл тумани "Хўжалар"  маҳалалсида  бир нуроний онахон истиқомат қилади. Бу йил 96 ёшни қаршилаган Сорахон онани йўқлаб уларнинг уйларига бордик. 

Зиёли оилада дунёга келган Сорахон Боймуродованинг болалиги уруш йилларига тўғри келган. Болалигидан оғир меҳнатда улғайган  онахон  олий маълумотли бўлиш орзусига ета олмаган. Лекин марҳум турмуш ўртоғи билан 11 нафар фарзанднинг барчасини олий маълумотли қилиб юрт хизматига сафарбар қилган.

Бир умр далада меҳнат қилган Сора она  оддийгина қишлоқ шароитидаги ҳовлисида  кенжа ўғли билан яшайди.  34 невара, 60 эвара ва битта  чеваранинг ардоғида  умргурзонлик қилаётган онахон, давлатимиз томонидан  қарияларга  берилаётган  имкониятлар туфайли ҳаж зиёратига  ҳам бориб келган. 

Қоракўлллик Сора она  билан  бўлган суҳбатимиз  давомида,  онахон ўзининг  машаққатли ва заҳматли болалиги,  ёшлиги, текис ва нотекс  ҳаёт йўллари ҳақида  сўзлаб берди. Гап орасида, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етишни,  ҳамиша шукроналик,  умид ва яхшлик билан яшашни  бот-бот  таъкидлади.

Сора она,  Президентимиз томонидан  кекса авлод вакиллари ва ёшларга яратиб берилаётган шароитлар учун, давлатимиз раҳбарини алқаб  миннатдорлик билдирар  экан,  қўлларини очиб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун, яхши ниятларини айтиб узоқ дуо қилди. Онахон билан учрашиб, уларнинг  сўзларини тинглар эканмиз,  катта ҳаётий тажрибанинг кенг  тимсолини кўргандек бўлдик.

Бугунги шароитлардан руҳланиб яшаётган онахон ҳали анча тетик. Гаплари пурмаъно, кулишлари эса жуда  самимий. Биз ҳам уларнинг дуоларини олиш имкониятидан баҳраманд бўлдик.

Онахон билан хайр-хўш қилиб  Қоракўлдан Бухоро шаҳрига қараб  йўл олар эканмиз, Сора онанинг ортимиздан, 100 га кирганимда ҳам келинглар, деган  сўзлари  қулоғимизда  жаранглагандай   бўлаверди. 

Биз ҳам шу ниятни дилимизга тугдик...

Мавжуда РЎЗИЕВА,

Бухоро шаҳар “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши раиси