Айни пайтда бу ерда "Янги Ўзбекистон массиви" бунёд этилаётган бўлиб, кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Пискент туманида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” турар жой массивида ҳам 19 гектар майдонда 70 та 5 ва 7 қаватли уйлар қад ростлаяпти. Бунинг натижасида 2 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланади.

Муҳими, бу иморатлар аҳолининг уй-жойларга бўлган талабидан келиб чиқиб қуриляпти. Хонадонлар эҳтиёжманд оилаларга молиявий аҳволи инобатга олиниб, кам фоизли ва узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилмоқда. Кам таъминланган фуқароларнинг бошланғич тўловлари давлат томонидан субсидия асосида тўлаб берилади.

Вилоят ҳокими лойиҳаларни кўздан кечирар экан, бу ишларга масъул бўлган мутахассисларга ўз тавсияларини берди.

— Ҳар бир бино кўринишидан тортиб, шарт-шароитларигача замонавий талаблар асосида қурилиши керак, — деди Зойир Мирзаев. — Хонадонларда яшайдиган ҳар бир оила буни тўла ҳис қилиши лозим. Иссиқ ва совуқ сув, газ, электр таъминоти, канализация тизимларида муаммо бўлмаслиги керак. Массив ҳудудида болалар майдончалари, мини стадион, маҳалла гузарларини қуриш учун самарали фаолият кўрсатаётган қурилиш ва лойиҳачи ташкилотлар тажрибасидан фойдаланиш лозим.

 Қайд этилганидек, массивдаги дастлабки уй-жойлар Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Қолган хонадонлар ҳам лойиҳа режаси асосида 2025 йилгача қуриб битказилади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА

"Янги Ўзбекистон" мухбири