Олмалиқ шаҳридаги спорт мактабида "Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш" шиори остида ватанпарварлик фестивали ўтказилди.

Шаҳар ҳокимлиги, ҳудуддаги ҳарбий қисм, мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда 3-сектор ҳудудидаги 13 та маҳалланинг 2 мингдан зиёд аҳолиси, айниқса, ёшлари қамраб олинди.

Очилиш маросимида сўз олганлар Миллий армиямиз қудрати ва салоҳиятини ўзида акс эттирган бундай тадбирлар ёшларимизга кўтаринки кайфият улашиб, уларда она Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Ўғил-қизларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган кенг қамровли фестивал иштирокчиларга келажак мақсадларини белгилаб олишларида кўмак бериши айтиб ўтилди.Фестивал доирасида замонавий техникалар, қурол-яроғлар намойиш қилинди. Шунингдек, фахрий қоровул чиқишлари, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари ҳам ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, футбол ва волейбол каби турлари бўйича ёшлар ўртасида мусобақалар ташкил этилди. “Заковат” интеллектуал ўйини эса кўплаб билимдонларни бир жойга жамлади.