Бугун ижтимоий тармоқларда турли оздирувчи ёки семиртирадиган, шунингдек, протеинли биологик фаол қўшимчалар савдоси борган сари авж олаётгани барчага аён.

Хўш, биологик фаол қўшимчалар ўзи нима?

Биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) – инсон организмидаги физиологик бузилишларнинг олдини олиш ҳамда соғлом балансни тиклаш мақсадида рационини мақбул даражага етказиш ёки организмни зарур бўлган фойдали моддалар билан тўлдириш учун мўлжалланган, таркибида келиб чиқиши табиий ёки табиийга ўхшаш сунъий биологик фаол моддалар (уларнинг концентратлари) ва (ёки) пробиотик компонентлар ҳамда пробиотик микроорганизмлар мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади.

Биологик фаол қўшимчалар даволовчи таъсирга эга эмас. Даволовчи таъсирга эга бўлган маҳсулотлар дори воситалари ҳисобланади.

Республикамизда фаолият олиб бораётган "ФАРМ ФОРМАТ" масъулияти чекланган жамияти томонидан бир қатор БФҚлар ва гигиеник воситалар ишлаб чиқарилган, рухсатнома БФҚ сифатида берилган бўлсада, бир пайтнинг ўзида ушбу БФҚ ва гигиеник воситалар таркиби нуқтаи назаридан дори воситалари хусусиятига эга эканлиги аниқланди:

☑️100 мл флаконларда қадоқлаб чиқарилган, ичиш ва маҳаллий қўллаш учун мўлжалланган «Хлорофиллиптим плюс» эритмалари;

☑️ 20 мл. флаконларда қадоқланган «Хлорофиллиптим плюс» спрей маҳсулоти;

☑️ «Имбир Эффести с витамином С» (Гингер Эффести Витамин C);

☑️ «Лороплюс» (Лороплюс) (чайиш учун эритма 200 мл.);

☑️ «Лороплюс» (Лороплюс) (томоқ учун спрей 20 мл.);

☑️ «Бетагин-ФФ» (Бетагин-ФФ) (10% маҳаллий ва ташқи мақсадлар учун эритма, 50 мл дан флаконда);

☑️ «Димексид – ФФ» (Димексид — ФФ);

☑️ «Ковифлазид» (Cовифлазид) (ичиш учун ҳамда маҳаллий қўллаш учун томчи 30 мл.);

☑️ «Эффести классик Черний Имбир» (Блаcк Гингер Эффести классик) (тез эрийдиган гранулалари 8 гр.дан саше пакетчаларда) аслида БФҚ кўринишида ишлаб чиқаришга рухсат олинган бўлсада, дори воситаси сифатида тайёрлангани аниқланган.

Таъкидлаш жоизки, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан бу каби воситаларни ишлаб чиқаришни (қалбаки ва дори воситасини) рўйхатга олмаган, таркиби текширилиб, хавфсизлиги тўғрисида хулоса берилмаган.

Бундан ташқари, баъзи дори воситалари қалбаки тарзда ишлаб чиқарилаётгани тўғрисида келиб тушган мурожаатларга биноан олиб борилган ўрганишлар давомида:

☑️ «NUTRI MAKON FACTORY» масъулияти чекланган жамияти томонидан

«NUMA Igneus», «NUMA Omega-3-6-9», «NUMA Vitamin D3», «NUMA Kollagen» ва «NUMA Tribulus» маҳсулотлари рухсатномага эгалиги, лекин «NUMA Sollagen PRO+» маҳсулоти ҳеч қандай рухсатномага эга эмаслиги аниқланган.

«BEK BREND PHARM» масъулияти чекланган жамияти томонидан баъзи – «Расторопша» номли маҳсулот қўмита томонидан таркиби текширилмаган маҳсулот савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди.

Шу ўринда бу каби ҳолатлар юзага келганда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг телеграм ижтимоий тармоғидаги @Sanepidmurojaatbot га йўллашингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолидан таркиби номаълум бўлган, хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотларни номаълум кимсалар ва сохта тадбиркорлардан сотиб олиб, ўзбошимчалик билан истеъмол қилмасликни сўраб қолади.