Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди.

Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришгандан сўнг парламент палаталари қўшма сессиясидаги илк нутқида яқин қўшнилар билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлаган эди. Орадан қисқа вақт ўтиб давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли бир дарёдан сув ичувчи қардош ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўп йиллик кутилган ўзаро дўстона алоқалар янги босқичга чиқди.

Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар, қариндошлик ришталари боғлаб туради. Сўнгги йилларда бундай яқин алоқалар янги маъно-мазмун касб этиб бораётгани нафақат мамлакатларимиз, балки минтақадаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим самара бермоқда. Президентларимизнинг узоқни кўзлаб юритаётган ташқи сиёсати натижасида давлатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва ўзаро дўстона муносабатлар янада юксалиб, стратегик шериклик даражасига етди.

Эътиборли жиҳати, 2017 йилдан буён икки мамлакат раҳбарлари ўртасида 8 маротаба икки томонлама учрашув ўтказилган. Қолаверса, 1991 йилдан буён икки мамлакат парламентлари вакилларининг 20 дан ортиқ ўзаро ташрифи амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси билан Тожикистон Республикаси Мажлиси Олининг парламентлараро гуруҳлари тузилган.

Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини шу пайтгача имзоланган турли даражадаги 200 га яқин ҳужжат ташкил этади. Асосийси, булар фақатгина қоғозда эмас, балки ҳаётда ўз аксини топмоқда. Хусусан, ўзаро савдо ҳажми бир неча баробар ортиб, ўтган йили 500 миллион доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 8 баробар кўпайиб, 200 тадан ортди.

Ўзаро ҳамкорлик аниқ амалий мазмун касб этаётганининг яна бир ёрқин мисолини келтирсам. Жорий йилнинг 23 апрель куни Тожикистоннинг Катта Ҳисор канали орқали Сурхондарё вилоятига сув ўтказиш борасида эришилган келишувга кўра, бугунги кунда канални таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бундан Сурхондарё вилоятида сув танқислигини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларига кафолатли сув етказиб бериш мақсад қилинган.

Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим соҳаларини қамраб олган 30 дан зиёд ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси Тошкент ва Душанбе ўртасидаги кенг кўламли ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “...тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда”.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати