Баъзида кимдир учун бир томчи қон яна бир янги ҳаётни англатади. шунингдек, фавқулодда вазиятларда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар.
Айниқса, ушбу хайрли амаллар кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берадиган бўлса, ўша инсон ўзини янада бахтли ҳис этади. Донорлар ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли кишилардир.
Республика қон қуйиш марказида ўтказилган донорлик акцияси давомида вазирлик ва идоралар, тижорат ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар, фаоллар, партия фаоллари, кўплаб кўнгилли юртдошларимиз бемор болалар хаётини сақлаш учун ўз ҳиссасини қўшиб,фаол иштирок этиб келишмоқда.
Мана шундай эзгу амаллардан бири Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ўтказилди. Инсонпарварлик ва меҳр-шавқат каби эзгу ниятларни ўзида жамлаган донорлик акцияда Академиянинг ҳарбий хизматчилари ва курсантлар фаол иштирок этди.
Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган мазкур хайрия акцияси тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган.
Меҳр-оқибатни азалий қадриятларимиз қаторида эъзозлаб келувчи, хайр, эҳсон, савоб каби юксак тушунчаларни одамийликнинг энг олий жиҳати деб билувчи халқимизнинг нечоғлик савобталаб эканлигига бугунги акция иштирокчилари яна бир бор амин бўлдилар.
Тадбир якунида донорлик аксиясида фаол қатнашган ҳарбий хизматчилар ва курсантларга тадбир ташкилотчилари томонидан ташаккурномаси ва эсталик совғалар топширилди, деб хабар беради Академия матбуот хизмати.