Биринчи шоу француз матбуотида кўплаб ижобий шарҳларга эга бўлди. Шарҳларда мазкур теледастурни 1,3 миллион киши зўр қизиқиш томоша қилгани ҳам эътироф этилди. Бу тарихдаги 4-энг яхши кўрсаткич сифатида баҳоланди.
Фильм Франциянинг BO Travail кинокомпанияси, мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон республикасининг туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда суратга олинган. Суратга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Жиззах, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларида бўлиб ўтди.
Сюжет аввалида таниқли француз журналисти Софи Йовиллар Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган Буюк ипк йўли ҳамда ушбу тарихий маршрут чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон диёри ҳақида томошабинга ҳикоя қилади. “Мамлакат ўзининг бой маданияти, бетакрор меъморчилиги ва анъанавий меҳмондўстлигини сақлаб қолди”, дейди у.
Бошловчи Ўзбекистон пойтахти бўлган Тошкент шаҳри ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, бу шаҳар мозийда Буюк ипак йўлида рўй берган воқеаларда ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтади.
Шунингдек, фильмда буюк саркарда Амир Темурнинг тарихий ролига ҳам катта эътибор қаратилган.
Француз мухбири Тошкент метросининг “Чорсу” бекати меъморчиликнинг юксак намунаси эканлигини айтиб ўтган. Шарқий бозорлар ҳақида эса Софи ҳам алоҳида тўхталиб, савдо-сотиқ ва шарқона таомларнинг хушбўй ҳиди, қуритилган мевалару ширинликлар ва ранг-баранг адрасу шойи матолари ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этишини сўзлайди.
Фильмда Самарқанддаги Регистон архитектура ансамбли, қадимги технологиялар бўйича ишлайдиган Мерос қоғоз фабрикаси тўғрисида ҳам ҳикоя қилинган. Бухоро ҳақидаги ҳикояларда томошабин керамика ва сопол буюмлари ишлаб чиқариш анъаналаридан бохабар бўлади. Айниқса, “Сузанна” бадиий кашталари ва қадимий темирчи ҳунармандларнинг фаолияти ҳақидаги ҳикоялар француз томошабинларида катта қизиқиш уйғотган.
Софи Йовилларнинг сўзларига кўра, Бухоро шаҳри қадимдан “Карвон воҳаси” ва “Цивилизациялар чорраҳаси” бўлиб келган. Фильмда Бухоро шаҳрининг улуғвор меъморчилиги ва бу ноёб мероснинг тарихий аҳамияти ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.
Француз мухбири Хивани “Очиқ осмон остидаги музей-шарқ дурдонаси” деб атайди. Унинг фикрича, бундай ноёб шаҳарнинг бу оламда асло ўхшашини топа олмайсиз.
“Хивадаги қўғирчоқ ясайдиган ҳунармандларнинг санъати дунёнинг турли бурчакларидаги сайёҳларни ўзига жалб этиб келган, -дейди журналист. - Бугун Хиванинг ҳар бир бозоридан миллий услубда тикилган ажойиб қўғирчоқларни сотиб олишингиз мумкин. Фильмимизда дорбозлар ва мувозанатчиларнинг кўп асрлик анаъналари ҳам акс этган.
Француз ҳужжатли фильмида Қорақалпоғистондаги маҳаллий аҳоли диққатига сазовор бўлган жойлар, шунингдек, Савицкий номидаги давлат санъат музейи бугунги кунда сайёҳларнинг севимли зиёратгоҳларига айланиб улгургани айтиб ўтилган. Журналист маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданияти, анънавий кўчманчи уйлари ва экзотик туя саёҳатлари ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилган.
Шунингдек, фильмда Орол денгизининг қуриши ва минтақанинг флора ҳамда фаунасини сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Қуриган денгизда чўкиб қолган кемалардан иборат Мўйноқ порти ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.
Француз кинорежиссёрларини Ўзбекистон давлати нафақат ўзининг тарихи ва маданиятининг буюклиги, балки бетакрор мультикультурализми, бағрикенглиги ва ўзбекона меҳмондўстлиги билан ҳайратда қолдирган.
Фильм куни кеча "France 5" телеканалида қайта намойиш этилди. Шунингдек, France 5 онлайн платформасида ва Echappées Belles ижтимоий тармоғидаги саҳифаларда ҳам эълон қилинди.
М. Тожимаматова таржимаси