Ҳар бир инсон яхши ният билан бозорга ёки савдо мажмуасига йўл олар экан, сифатли, ўзининг дидига мос маҳсулот харид қилишни истайди. Лекин шундай буюмлар ҳам бўладики, ҳақиқийсидан ажратиш бироз мушкулроқ. Яъни, уларни сотиб олаётганда ҳар қандай инсон адашиши ёки чалғиши мумкин. Бир неча муддат ўтгандан кейин эса танлаган маҳсулоти аслига ўхшамаслигини сезиб қолади.
Афсуски, бозорларда фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда ишлаб чиқарилган контрафакт маҳсулотларни кўплаб учратиш мумкин. Бундай маҳсулотлар интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилган ҳолда тайёрланиб муомалага чиқарилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, контрафакт маҳсулотлардан, энг аввало, мамлакат иқтисодиёти ҳамда истеъмолчилар зарар кўради. Бундай маҳсулотни харид қилган истеъмолчи нафақат ўз соғлигига, балки, оила ва давлат бюджетига ҳам зарар етказади.
Бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамиз бўйлаб ҳар йили контрафакт маҳсулотларнинг реализациясига қарши самарали курашишни кўзда тутувчи махсус ойлик ўтказиш белгиланган. Айни кунларда юртимиз бўйлаб шундай тадбирлар давом этмоқда.
Ушбу ойлик давомида Интеллектуал мулк агентлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бозорларда, савдо мажмуалари ва кўчма савдо масканларида контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказмоқда. “Агентлик – ҳалол тадбиркорга мададкор” шиори остида тадбиркорлик субъектлари ўртасида уларнинг фаолиятига ўз товар белгиларини жорий этиш бўйича амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш назарда тутилган учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилаётир.
Қолаверса, агентлик контрафакт маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида доимий равишда тадбирларни амалга ошириб боради. Хусусан, 2020 йил давомида Агентлик томонидан олиб борилган 70 дан ортиқ кузатишлар жараёнида аниқланган 50 дан ортиқ контрафакт маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва савдоси бўйича қонуний чоралар кўрилган бўлса-да, ҳозирда ҳам айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва савдоси давом этаётгани бу соҳадаги ишларга эътибор масъулиятни янада кучайтиришни тавозо этмоқда.
Ачинарлиси, бу ҳолат носоғлом рақобат муҳитини юзага келтириши баробарида инсон манфаати ва саломатлигига ҳам жиддий зарар етказади. Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлигининг республика миқёсида босқичма-босқичма контрафактсиз ҳудудларни яратиш ва бунга самарали курашиш йўлини танлагани бу борада муҳим қадам бўлди. Агентлик бу лойиҳа орқали тадбиркорларнинг ҳалол рақобатга киришишини таъминлаш, ўз товар брендига эга ишлаб чиқарувчилар бизнесини ҳимоялаш, савдо расталарида контрафакт маҳсулот айланмасини чеклаш ҳамда аҳоли орасида сифатли, ишончли маҳсулотларни харид қилишни тарғиб қилади. Энг муҳими, савдо дўконларида хизмат кўрсатиш жараёнида истеъмолчи асл маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳақида маълумотга эга бўлиши ва сохта маҳсулотлар реализациясини олдини олишга эришилади.
Энди мисолларга мурожаат қилайлик. Куни кеча Тошкент шаҳри “Чорсу” бозори ҳудудида жойлашган савдо расталарида интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилиш ҳолатлари бўйича кузатишлар олиб борилди. Кузатишлар жараёнида тегишли қонун талабларини бузган ҳолда омма орасида машҳур бўлган (бренд) товар белгиларига адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган 27 турдаги контрафакт маҳсулотларнинг сотилаётгани аниқланди. Агентликка бу борадаги ишларни ташкил этишда тадбиркорлар ҳам кўмак бермоқда. Зеро, ушбу ташаббус агентлик учун эмас, балки, тадбиркорлар ва аҳоли манфаати учун хизмат қилади.
Яна бир эътиборли жиҳат, контрафакт маҳсулотлар савдосининг олдини олишда бу ёндашувлар орқали тўлиқ натижага эришиб бўлмаслиги маълум. Бунда, аввало, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш зарур. Бу жараёнда ҳар бир юртдошимиз иштирок этиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, кимдир контрафакт маҳсулотлар савдосига дуч келганда Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилса бу борадаги эзгу ишларга ўз улушини қўшган бўлади.
Шу ўринда тадбиркорларга ҳам мурожаат қилиб айтмоқчимизки, агар ишлаб чиқарувчилар ҳам контрафакт маҳсулотлар савдосига гувоҳ бўлса, Интеллектуал мулк агентлигининг (71) 232-50-40 ишонч телефони ёки телеграммдаги ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилиши мумкин.
Дилфуза ИСМОИЛОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Интеллектуал мулк агентлиги етакчи мутахассиси