Ватан – муқаддас. Унинг ҳимояси эса шарафли бурчдир. Ҳурлик, тинчлик ва осудалик инсон ҳаётидаги энг буюк неъмат. Чунки бу неъматлар юртни обод этиб, дунёга танитишга, миллатни юзага чиқаришга замин яратади. Бунинг замирида эса кечаю кундуз Ватан ҳимоясида – элимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги учун қалқон бўлиб турган олов қалб ўғлонларимизнинг захматли хизмати мужассам.
Ҳар бир давлат ўз мустақиллигини, эркинлигини қўлга киритар экан, энг аввало Давлат суверенитетини, халқ тинчлигини, мустақилликнинг бардавомлигини таъминловчи Миллий армиясига эга бўлиш, ўз Қуролли Кучларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратади.
Айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди.
Мана, 30 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда.
Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деганда халқимиз кўз ўнгида, энг аввало, туғилган юрти, миллати ва халқини жондан севувчи, замонавий билим ва кўникмаларга эга, тинчлик ва барқарорликни сақлашдек олийжаноб мақсад йўлида ҳар қандай жасоратга тайёр мард ва ботир йигит ва қизлар намоён бўлади.
Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда Давлат божхона органларининг хизмати ва ўрни беқиёс саналади.
Кеча Ўзбекиcтон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 84 ва 254-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Ўқувчилар Божхона институти марказий биноси мажлислар залида кутиб олинди. Улар эътиборига институт фаолияти, ўқув жараёнини ташкил этиш, мутахассислик йўналишлари тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, ўқотар қуролларнинг тузилиши ва жанговар имкониятлари, танкка ва пиёдаларга қарши миналар хусусиятлари, ўқотар қуролларнинг қисмларга ажратиш машқлари, курсантлар томонидан кўргазмали қўл жанги ва карабинчилар чиқишлари ҳамда Божхона институти фаолияти акс этган фильм намойиш этилди.
Азиза Шарофиддинова,
Тошкент шаҳар Шайхонтохур туманидаги 40-мактаб ўқувчиси