Турли мафкуравий хуружлардан ҳимояланиш, асрлар давомида сайқалланиб келаётган миллий қадрият, анъаналаримизни асраб-авайлаб, уларга амал қилиб яшаш муҳим бугун аҳамият касб этади. Зеро, маънавиятнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири миллий қадриятларимиз ҳисобланади. Қадриятлар ўтмиш билан ҳозирги кун ўртасидаги ворисийликни таъминлайди.
Шу маънода Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 31 октябрни – Миллий қадриятлар куни сифатида нишонлаш белгиланди.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мазкур санага бағишланган фестивал ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Фестивални Академия ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очгач, Ўзбекистон файласуфлар жамияти раиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Қиём Назаров ўзбек халқининг инсоний фазилатлари, урф-одатлари мавжудлигини эътроф этди.
“URBAN STYLE”” миллий бренди компанияси директори Камила Алиева эса, миллий қадриятларга ҳурмат билан қараш – миллатнинг ўзига ҳурмат билан қарашнинг асосий бўғини эканини қайд этди.
Фестивал доирасида “Миллий қадриятларнинг энг фаол тарғиботчиси” танлови доирасида “Миллий либос”, “Миллий рақс”, “Миллий таом”, “Миллий спорт”, “Миллий қўшиқ” номинациялари ўтказилди. Талабалар томонидан турли маънавий-маърифий чиқишлар, либослар намойиши, таом пишириш мусобақаси, спорт ўйинлари бўлиб ўтди.
Фестивал якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати