31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклидаги норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мустаҳкам тарихий ришталар, муштарак тил, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Туркий кенгашга аъзо мамлакатлардаги муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш, шу мақсадда Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди.

Буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг туркий дунё маънавий-марифий ҳаётига қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари фан, таълим, адабиёт, санъат, ижтимоий соҳалардаги ютуқлар ҳамда туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилишни таклиф этди. Бу ташаббус саммит иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Фурқат СИДДИҚОВ, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари:

–Туркий кенгаш жаҳон ҳамжамияти ва етакчи экспертлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда ва эътироф этилмоқда.Ушбу саммитда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳам нафақат кенгашга аъзо мамлакатлар ҳудудида, балки, халқаро майдонда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Муштарак тил, ягона тарих ва маданий ришталар асосида шаклланган Туркий кенгаш бугунги кунга келиб минтақавий ҳамкорликни самарали ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланди. Ўзбекистоннинг бу кенгаш ишида иштирок этиши юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга янги маъно-мазмун бахш этиб, жамият тараққиётида янги ва истиқболли йўналишларни очмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Кенгаш фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган ташаббуслари эса нафақат халқимиз, балки инсониятнинг эртанги тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Масалан, кенгашга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигини тиклашга қаратилган яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқиш ташаббусини олайлик. Бу ғоянинг рўёбга чиқиши глобал инқирознинг салбий оқибатларини бартараф этиш ва ҳамкор давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, инвестиция ҳамкорлигини тезлик билан тиклашга замин яратади.

Яна бир муҳим ташаббус – биргаликда йирик лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ўртага ташланди. Бу борада фаолиятни ташкил этиш учун Туркий Кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси ҳамда Тараққиёт банкини ташкил этиш таклиф этилди. Бу мақсадларнинг рўёбга чиқиши давлатларнинг иқтисодиёти ривожланишига туртки бўлади ва ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб беради.

Минҳожиддин МИРЗО, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари:

– Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг жаҳоний бир аҳамият, жаҳоний бир даъват касб этган бу байтлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг ўзига хос бир шиоридек жаранглаб турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев туркий кенгаш минбаридан туриб Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусини айтганларида бутун туркий олам вакилларининг қалбини зўр ҳаяжон чулғади. Бугун дунё аҳли Алишер Навоий орқали ўзбек халқига, юксак маънавиятимизга ҳурмат ва эҳтиром билдираётган бир пайтда ушбу ташаббус бизнинг бу қутлуғ кунларимизга жуда ярашди. Бу ажойиб таклифнинг қўллаб-қувватланиши туркий оламда маънавият ва адабиётнинг ривожланишига жуда катта рағбат ва туртки бўлиб хизмат қилади.

Ҳазрат Алишер Навоий бундан беш-олти асрлар олдин ўз асарлари орқали бугунги кунимиз авзойини англагандек гўё. Адабий ва маънавий ҳамкорлик қанчалар катта куч эканлигини башорат қилгандек...

Олам аҳли кўриб-билиб турган қанча офату балоларни шу кунларгача енгиб келган башарият бугунги кунда меҳрга, шеърга, халқаро майдонда донг таратган катта адабиётга ҳам эҳтиёж сезаётгани рост.

Шу дамларда Алишер Навоий бобомизнинг мана бу мисралари ҳам беихтиёр ёдимизга келади:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

Ҳа, Навоий бобомиз бутун турк оламини ўз истеъдоди, юксак салоҳияти билан якқалам қилиб кетди. Шу боис азалдан маърифат борасида илиги тўқ халқмиз. Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши туркий тилли давлатларни бир-бирига яқинлаштиради, уларни бир-бирига боғлагувчи жуда катта маънавий робита вазифасини бажаради. Биз бу хушхабарни Учинчи Ренессанс пойдеворини қураётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган тинчликпарварлик сиёсатининг яна бир ғалабаси сифатида қабул қилдик.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси:

– Алишер Навоий бобомиз “Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур, Муайян турк улуси худ менингдур” дея бежиз айтмаган эди. Мана мутафаккир бобомиз орзу қилган кунга ҳам етиб келдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг норасмий саммитда билдирган таклифларнинг қўллаб-қувватланишида ана шу эҳтиром яққол намоён бўлди. Аслида, маънавий меросимизга, ота-боболаримизга, олимларимизга бўлган ҳурмат бизга улуғ аждодларимиздан ўтиб келаётган ажойиб фазилатдир. Буни биз Амир Темур бобомиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Соҳибқирон Амир Темурнинг Яссавий ҳазратларига бўлган муҳаббатини, уларга шогирдлик мақоми сифатидаги муносабатини Туркистон шаҳридаги Яссавий мақбарасини қурдирганлигидан ҳам билиб олсак бўлади.

Бу эса барчамизга тарихдан маълум. Шунингдек, бу туркий халқларга хос бўлган урф-одатлардан биридир. Бугунги саммитда давлатимиз раҳбари илгари сурган ғояларидан бири, бу – зиёрат туризмини ривожлантириш, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, унга илмий ёндашиш ҳамда ўрганишдан иборат бўлди. Бу анъана туркий халқлар, айниқса, Ўзбекистонда қадим-қадимдан ривожланиб келяпти. Масалан, Бухородаги етти пир мақбараси, Абдухолиқ Ғуждувоний ижодининг ўрганилиши, ҳадисшунос олим Имом Бухорий ҳадисларига бутун ислом оламининг эҳтироми. Буларнинг барчаси нафақат туркий халқлар, балки бутун инсоният тафаккури ривожига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда йил дастурида ҳам маданий меросни ўрганиш, уни асраб кейинги авлодларга етказиш фикри ўз аксини топган. Зеро, зиёрат туризми қанчалик ривожланса, маданий мерос объектларини авайлаш, қадриятларнинг бардавомлигини таъминлашга эътибор кучаяди.

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

-Президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгарди, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. Айни вақтда иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда Туркий кенгашга аъзо давлатлар ва халқларнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзолари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Булар, энг аввало, иқтисодиёт, савдо, транспорт соҳаларидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласи ҳам манфаатларимизга мос келади.

Таъкидлаш керакки, мустаҳкам тарихий ришталар, муштарак тил, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши минтақавий муносабатларнинг самарали механизмига айланиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари Туркий кенгашга аъзо мамлакатлардаги муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш, шу мақсадда зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур ташаббус динимиз тарихида беқиёс из қолдирган улуғ боболаримиз мероси билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш ва зиёрат туризми ривожига янада кенг йўл очади. Зиёрат туризмини ривожлантириш дастури қабул қилиниши натижасида минтақавий туризм равнақ топади. Ўзбекистон учун катта имкониятлар очилади, энг муҳими, диёримизга келадиган сайёҳлар оқими кўпаяди.

Шу жиҳатдан Президентимизнинг “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақомини олган Хива шаҳрида жорий йил сентябрь ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда халқаро форум ўтказиш таклифи жуда долзарбдир. Мазкур форум туркий халқларнинг дунёвий фанлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ва бой маданий меросини чуқур ўрганиш, турли тадқиқотлар олиб бориш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиб этиш ишларини янада кучайтиришда катта аҳамиятга эга бўлади. Ўз навбатида, мазкур ташаббус кўҳна ва қадимий шаҳарнинг туристик жозибаси жаҳонда янада кенгроқ намоён бўлишига яна бир туртки вазифасини ўтайди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ушбу ташкилот ишини янада кучайтириш, унинг кун тартибини янги ғоялар ҳамда аниқ таклифлар билан бойитиб боришда фаол қатнашмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни тобора мустаҳкамланишига хизмат қилади.