Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш ва ушбу соҳани тартибга солувчи қонун хужжатларини такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Соҳани янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Фуқаролик жамиятининг ривожланишида янги босқич” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси, халқ депутатлари кенгашлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик фондлари ва жамоатчилик комиссиялари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир иштирокчилари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган фармон ва қарорнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, фармоннинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у яқин истиқболда, яъни, 2025 йилга қадар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожланишнинг асосий босқич ва йўналишларини аниқ кўрсатиб берган. Бу йўналишда “Йўл харита”си ҳам тасдиқланган бўлиб, унда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизда амалга оширилаетган кенг қўламли ислоҳотларга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фармонга асосан ННТларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялари) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти, ННТ фаолиятининг очиқлик индексининг жорий қилиниши, “Шаффоф ҳайрия” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши ҳамда давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибининг соддалаштирилиши тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди. Айниқса, доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётда тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланганлиги, давлат органлари ҳузурида тузилган жамоатчилик кенгашларининг фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, ННТни қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.

Қарорда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидиясини ажратиб бериш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш борасидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжатларни аҳоли ўртасида тарғибот қилиш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда кенг жамоатчиликни жалб қилинишига алоҳида эътибор қаратилди.